Бугун, 3 апрель Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Президент йиғилишда Чирчиқда уйида 5-6 кун юқори ҳароратда ётган бемор ҳақида гапирди.
“Мана кечқурун оғир аҳволда Чирчиқдан бемор келди. Биласизларми 5-6 кун юқори ҳарорат билан уйида ётган. 24 соат ойнаи жаҳон орқали одамларимизга огоҳ бўлайлик, маданиятли бўлайлик, ўзимизга, болаларимизга эътиборли бўлайлик деб айтяпмиз. Йўқ, 5-6 кун, оиласи бор, фарзанди бор невараси бор, уйида ётган. Шифокорни чақирса бўлмайдими?
Шунинг учун азиз ҳамюртларим. Яна бир марта сизларга жуда катта илтимос билан мурожаат қилмоқчиман. Ўзингизни сақланг, эътибор беринг, фарзандларингизни, қўшниларингизни, оилангизни, ота-онангизни ўйланг. Агар ўзингизга эътибор бермасангиз, огоҳ бўлиб тиббиёт ходимларининг айтганини қилмасангиз, қаттиққўллик, тартиб, интизом бўлмаса осонлик билан буни енга олмаймиз” – деди Президент.
Аввалроқ Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков фуқаро коронавирус белгилари пайдо бўлганига қарамай, 2 апрелгача шифокорларга мурожаат қилмагани ҳақида айтган эди.