Бугун, 5 апрел куни Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сонида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев иштирок этди.
Сафоев ўз чиқишида коронавирусга қарши курашда давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди.
“Бугун муаммо ҳақида қанча гапирсак ҳам кўп бўлмайди. Вазият жиддий. Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда вазият жуда оғир” – деди Сафоев.
Раис ўринбосари пандемияга қарши жиддий курашиш кераклигини таъкидлади. Бу йўналишда ҳукумат барча керакли ишларни қилаётганини айтиб, оғир вазиятда Давлатимиз раҳбари ўктамлик ва жасорат билан қарорлар қабул қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Сафоев ўз вақтида чоралар кўрилмаса иккинчи жаҳон урушидан ҳам кўпроқ зарар кўришимиз мумкинлиги ҳақида айтди. Шунингдек, пандемияга қарши курашда ҳукумат томонидан ажратилаётган маблағга ҳам тўхталиб ўтилди.
“Ўзбекистон ҳукумати коронавирус учун ажратган маблағ айрим бой давлатларнинг коронавирусга қарши курашга йўналтирган пулидан икки, уч баробар кўп бўлса кўпки, асло кам эмас.
Ҳукумат коронавирусга қарши барча чораларни кўзда тутган ва максимал даражада ҳаракат қилмоқда” – деди Содиқ Сафоев.