Учрашувда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, бутун дунёда катта ташвиш ва хавотир уйғотаётган коронавирус пандемиясидан қутилиш бўйича аниқ ва асосли таклифлар билдирди. Айтиш жоизки, мазкур таклифлар минтақавий ва халқаро миқёсда зудлик билан таъсирчан чора-тадбирлар кўришга қаратилгани билан давлат раҳбарлари томонидан юқори баҳоланди.
Хусусан, Туркий Кенгаш доирасида доимий фаолият кўрсатадиган қўшма эпидемиологик кузатув тизимини шакллантириш лозимлиги таъкидланди. Бу бугунги қалтис вазиятда касалликни эрта аниқлаш ва уни тарқалиб кетмаслиги учун ниҳоятда муҳим ташаббус ҳисобланади. Қолаверса, ушбу тизимни йўлга қўйилиши, доимий фаолият юртиши нафакат коронавирус билан боғлик вазиятни юмшатишга, кейинчалик шунга ўхшаш бошқа эпидемияларнинг тарқалишини олдини олишга қаратилган стратегик аҳамият касб этади.
Туркий тилли давлатлар соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, диагностика, даволаш, эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва илмий изланишлар бўйича маълумот ва тажриба алмашувни кенг йўлга қўйиш ҳам айни шу кунларда нақадар долзарб эканлиги ўз ўзидан аён. Зеро, ушбу хасталикни давоси вақт ва шубҳасиз, ҳамжиҳатлик, ҳамкорликда иш олиб боришдадир. Албатта, шу кунларда кўпчилик давлатлар, хусусан, туркий тилли мамлакатлар ҳам касаллик вақтида озми кўпми тажриба орттирганлари табиий. Ана шундай бир вазиятда уларни бошқалар билан бўлишиш ниҳоятда муҳимдир.
Умуман олганда, Президентимиз томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ҳаётий ва долзарблиги билан барчага бирдек манзур бўлди. Чунки ушбу таклифлар барчани бир ёқадан бош чиқариб иш қилишга, куч бирликда эканлигига даъват этади. Бинобарин, бугунги глобал дунёда ўз қобиғига ўралиб, юртнинг эртанги келажаги ҳакида ўйлаш булутсиз осмондан ёмғир кутиш билан баробар. Ҳар ким ўз ҳолича, фақат ўзининг тор манфаатларини ўйлаб иш тутадиган, қўшни давлатларда, узоқ-яқин мамлакатларда содир бўлаётган ижтимоий бўҳтонлардан бехабар ҳолда яшаш эндиликда мумкин эмас.
Фақат бирлашгангина максадига етади. Яна бир муҳим масала, Туркийзабон давлатларнинг навбатдан ташкари сессияси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик, манфаатли ҳамкорлик борасидаги оқилона сиёсати замирида элларни элларга яқинлаштириш, бугунни ва келажакни ўйлаб иш тутишдек буюк мақсад ётганлигини яна бир бор кўрсатиб берди, десак тўғри бўлади.
Хулоса шуки, айни пайтда дунёда содир бўлаётган реал вазиятдан келиб чиқиб ташкил этилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг мазкур саммити ва унда Ўзбекистон томонидан билдирилган амалий таклифлар коронавирус пандемияси хавф солиб турган бир пайтда уни биргаликда бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширишда туб бурилиш ясайди.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,
OʻzLiDeP фракцияси раҳбари
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,
OʻzLiDeP фракцияси раҳбари