Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, "Миллий тикланиш" фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ЎзЛиДеП фракцияси таклифни қўллаб қувватламаслигини маълум қилди.
Қодировнинг ёзишича, ЎзЛиДеП томонидан Маьмурий жавобгарлик кодексининг 65-моддасига биринчи қўшимча сифатида Томорқа ер участкасидан оқилона фойдаланмаганлик учун жарима белгилаш таклиф қилинмоқда.
Бунда ЎзЛиДеП партияси томорқасини қаровсиз қолдириб, унга ҳеч қандай экин экмаган фуқароларга дастлаб огоҳлантириш, кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача (669 минг сўмгача) жарима, шу ҳолат йил давомида такрорланса уч бараваридан беш бараваригача (1115 минг сўмгача) жаримага тортишни таклиф қилаётгани айтилди.
Фракция раҳбари ушбу таклифни мантиқсиз деб атади.
"Оила бюджетига даромад беришни мақсад қилиб, зарарга етаклаяпмиз. Томорқасидан фойдаланмагани учун уч баробар солиқ тўлаш етарли даражада таьсирчан бўлиши керак эди, аслида. Солиқ кодексининг шу моддаси мутасадди идоралар томонидан ишлатилмаган. Аҳолига етарли даражада тушунтирилмаганлиги ҳам хақиқат!
“Миллий тикланиш” партияси фракцияси бу таклифни қўллаб-қувватламайди" - деди Қодиров.
Шунингдек, Қодиров ушбу масала юзасидан ўз таклифларини ҳам ўртага ташлади.
"Томорқадан самарали фойдаланишни рағбатлантириш мақсадга мувофиқдир.
Томорқадан юқори хосилдорликка эришган хонадонларга:
- бир йилда бир марта имтиёзли кредит олиш имконияти;
- деҳқон бозорида савдо жойидан 6 ой давомида бепул фойдаланиш имконияти;
- соғломлаштириш санаториясига имтиёзли йўлланма олиш имконияти тақдим этилиши мумкин", - дея қўшимча қилди Алишер Қодиров.