Зироат Мирзиёева раислигидаги фонд ўзбекистондаги 5 минг аёлга 5 млр сўм хайрия қилди. Бу ҳақда "Zamin" фонди расмий сайти хабар қилди.
Маълум бўлишича, фонд бугунги кунда карантин сабаб оғир аҳволга тушиб қолган, ҳозирда ёрдамга муҳтож бўлган Ўзбекистондаги 5 минг аёлга 5 млрд сўм йўналтирган.
“Хавфсиз ва ўз вақтида берилган ушбу ёрдам қийин кунларда умидсизликка тушиб қолганларга умид бахш этсин, меҳр ва мурувват ойи бўлмиш муқаддас Рамазон ойида уларнинг оилалари ва яқинларига илиқлик, қувонч ва табассум ҳадя қилсин”, — дея изоҳ берди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева.
Маълумот ўрнида, “Zamin” фонди фаолияти узоқ муддатли, стратегик аҳамиятга эга ва барқарор лойиҳаларга қаратилган. Жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия бадаллари, шунингдек халқаро ташкилотларнинг грантлари Фонд маблағини шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади. Фонд атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, эшитиш қобилиятида нуқсони бўлган болалар таълимини ривожлантириш, шунингдек, ижтимоий соҳага инновацион технологияларни жорий этиш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган. Аммо ҳозирги вазият ўз ҳукмини ўтказмоқда.
Фонд нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида Ўзбекистонда асос солинган. Фонднинг мақсади — мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш.