Бугунги синовли кунларда юртдошларимиз якдил бўлиб, меҳр-мурувват ҳамда саховат кўрсатиш каби эзгу ишларга ҳисса қўшмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” ҳаракати доирасида кўплаб эҳтиёжманд оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Албатта, бу борада тадбиркорлар бир қатор ташаббус билан чиқмоқда.
O'zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси, Сенатор, “Bek Cluster” МЧЖ қўшма корхонаси раҳбари Улуғбек Сотиболдиев ҳам Сирдарё вилоятининг Мирзаобод ва Ховос туманларида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами турмуш даражасини яхшилаш мақсадида 2000 та оилага кўмак бериш ташаббусини билдирди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар қилди.
Даставвал, Мирзаобод ва Ховос туман ҳокимликлари хамда туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан ҳамкорликда ҳар бир тумандан 1000 тадан эҳтиёжманд оила аниқланиб, манзилли рўйхати шакллантирилади. Сўнгра 3 ой мобайнида ушбу икки тумандаги жами 2000 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб турилади.
Дарҳақиқат, бу каби эзгу амаллар бугунги синовли кунларда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида бирлашганининг амалий ифодасидир, десак муболаға бўлмайди.