Президент Шавкат Мирзиёев бугун бўлиб ўтган йиғилишда Сирдарёдаги офатда ҳалок бўлганлар ҳақида гапирди.
Давлат раҳбарининг маълум қилишича сув омбори ўпирилиши натижасида юзага келган сув тошқинида 4 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 1 нафар фуқаро бедарак йўқолган. Шунингдек, Миллий гвардиянинг 2 нафар ходимини сув оқизиб кетгани маълум қилинди.
"Улар ўз жонини фидо қилиб, юзлаб, минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишди.
Ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ўзимнинг чуқур ҳамдардлигимни билдираман", - деди Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ Миллий гвардия ахборот хизмати икки ходимини сув оқизиб кетгани ва унинг натижасида бир ходимнинг жасади топилгани, иккинчи ходимни қидириш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эди.