Президент Шавкат Мирзиёев бугун бўлиб ўтган йиғилишда “Сардоба” сув омбридаги вазият сабоқ бўлганини айтиб, тегишли давлат органларига топшириқ берганини маълум қилди.
Давлат раҳбари сув омборидаги вазият бўйича халқаро экспертлар жалб қилинишини айтди. Экспертлар барча дамбаларни чуқур экспертизадан ўтказиши, шундан кейингина якуний хулосага келиниши таъкидланди.
Президент Ўзбекистондаги барча гидроиншоотлар, тўғонлар ва ГЭСларда текширув ишлари олиб борилаётганини ҳам маълум қилди.
“Менинг топшириғимга биноан ҳозирги кунда тегишли давлат органлари томонидан кучли ёғингарчилик сабабли эрозия юзага келиши мумкин бўлган барча гидроиншоотлар, тўғонлар ва ГЭСларда текширув ишлари олиб борилмоқда” – деди Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ президент Сардоба сув омбори бўйича барча айбдорлар қонун олдида жавоб беришини таъкидлагани ҳақида ёзган эдик.