Кеча, 5 май санасида бўлиб ўтган йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев Бухоро ва Сирдарёда бўлган воқеаларга нима сабаб бўлганини айтди.
Президентнинг таъкидлашича, ушбу воқеалар коррупция, масъулиятсизлик ва «ура-ура»чилик ортидан юзага келган. Мирзиёев йил оғир келганини айтиб, сўнгги воқеалар огоҳ бўлишга ўргатганини, ҳар бир берилган топшириқни чуқур таҳлил қилиб, амалга ошириш лозимлигини таъкидлади.
“Ҳамма ерда сифат, сифат ва яна бир марта сифат бўлсин!”, – деди президент.
Шавкат Мирзиёев Қоракўл туманида кучли шамол бўлгандан сўнг 2020 йилда қуриб битказилган боғчаларнинг ярмигина қолганини айтди.
“Бу нима деган гап?! Мана, бизнинг қурилиш соҳасидаги сифатимиз”, – деди давлат раҳбари.
Президент ҳодисадан сўнг ҳолатни осмондан бир неча марта кузатганини айтиб, қаерда сифат бўлган бўлса, натижаси кўриниб турганини алоҳида таъкидлади.
“Қаерда сифат бўлмаган бўлса, коррупция, ўғрилик, тендерларни «ура-ура» қилган ташкилотлар... бош вазир ўринбосарлари, «бажарамиз», «есть» қиламиз, деган одамлар энди ишлолмайди. Бу ишнинг якуни бошқача бўлади. Жуда катта таҳлил қиламан, мажбурман таҳлил қилишга. Кўп одамлар билан хайрлашишга мажбур бўламан...
Энди бундай ишлаш бўлмайди. Аллоҳ таоло бу сафар ҳам айтяпти: «Эй, бандам, кўзингни оч! Халққа ҳалол меҳнат қилиш керак, деяпти. Ҳалол!”, – дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.