Давлатимиз раҳбарининг шу йил 5 майдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янада тезлаштиради десак, муболаға бўлмайди.
Фармонга кўра, маҳаллий ишлаб чиқарилган базавий сифатдаги пахта толасининг бошланғич нархи Нью-Йорк товар биржасининг энг яқин етказиб бериш ойи учун фьючерс котировкаси қийматидан келиб чиққан ҳолда сотувчи томонидан белгиланади.
Шу билан бирга, маҳаллий тўқимачилик корхоналарига биржа савдоларида 2020 йил 1 апрелга қадар миллий валютада сотилган пахта толаси учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилади.
Аҳамиятли томони шундаки, фармонда пандемия билан боғлиқ жаҳон иқтисодий инқирозининг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришдаги салбий таъсирини юмшатишнинг бутун комплекс чора-тадбирлари назарда тутилган. Хусусан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси бир ой муддатда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини етказиб бериш бўйича экспорт шартномаларини глобал карантин чекловлари шароитида бажариш истиқболлари нуқтаи назаридан батафсил ўрганади ва истиқболсиз экспорт шартномалари ўрнига, биринчи навбатда, карантин чора-тадбирлари юмшатилаётган давлатлардаги ҳамкорлар билан янги шартномалар тузишга ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.
Яна бир муҳим янгилик – 2020-2025 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, шунингдек, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарини айланма маблағлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари маблағлари, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати учун очилган тижорат банклари кредитлари, халқаро молия институтлари қарз маблағлари ва хорижий банклар кредит линиялари ҳисобига, жумладан;
–янги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш;
–икки-уч сменали иш режимидаги ишлаб чиқариш, энг аввало, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини тикиш фаолияти учун револьвер кредитлар тақдим этиш;
Шунингдек, мустаҳкам экспорт шартномаларига эга бўлган тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарини экспортолди молиялаштириш ҳажмларини кенгайтириш орқали молиялаштирилади.
Булар ҳали ҳаммаси эмас. Фармон билан импорт қилинадиган айрим хомашё ва материаллар 2022 йил 1 январга қадар божхона божи тўлашдан озод қилинди. 2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг соддалаштирилган тартиби амал қилади.
Фармонда белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони олиб чиқишда 2021 йил 1 январдан бошлаб олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава учун 0,01 АҚШ доллари, 2022 йил 1 январдан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава ва трикотаж мато учун 0,05 АҚШ доллари, 2023 йил 1 январдан – 0,1 АҚШ доллари, 2025 йил 1 январдан – 0,2 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.
Яна бир эътиборли жиҳати, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги марказий аппаратлари тузилмаларида белгиланган штат бирликлари доирасида тўқимачилик саноати масалалари бўйича тузилмалар ташкил этилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур фармондан кўзланган мақсад битта – энг аввало корхоналар фаолиятини тезроқ тиклаб, тайёр маҳсулот экспортини кўпайтириш ва ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашдир. Зеро, карантиндан кейин ҳам тадбиркорлар барқарор фаолият юритиб кетиши учун уларни эртага эмас, ҳозирданоқ қўллаб-қувватлашимиз керак.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари