Сирдарё вилояти Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият сабали давлатимиз раҳбарининг шахсий топшириғига асосан, Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов бошчилигида Президент Администрацияси масъул ходимлари ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларидан Халқ қабулхоналари вакиллари талофат кўрган қишлоқларга зудлик билан етиб борди.
Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларида сув тошқинидан зарар кўрган 24 та маҳаллада вазиятни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида Сардоба шаҳарчасида Президент Администрацияси вакиллари раҳбарлигида тезкор Штаб ташкил этилди.
Ушбу Штаб қошида йўналишлар бўйича 12 та ишчи гуруҳлари тузилиб, унинг таркибига Президент Халқ қабулхоналари, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хизматлари марказлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ермулккадастр ходимлари киритилди.
Тезкор Штаб томонидан Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича зурур чора-тадбирлар белгиланди ва унининг ижросини таъминлаш ишлари жадаллик билан бошлаб юборилди.
Жумладан, Халқ қабулхоналари ходимлари офатдан зарар кўрган ҳар бир хонадонга бориб, оилаларнинг турар-жойлари ва молк-мулкларига етказилган зарарлар аниқмоқда. Уйма-уй юриш орқали ҳар бир оиланинг турар-жойлари, қўшимча бинолари (ошхона, омборхона, молхона, ҳаммом, тандирхона, гараж ва бошқалар), маиший буюмлари, транспорт воситалари, қорамоллари, отлари, қўй-эчкилари, паррандалари, боғлари, исиқхоналарига етказилган зарарлар ҳамда йўқолган ҳужжатлари аниқланмоқда.
Президент Администрацияси ходимлари офатдан зарар кўрганларнинг ҳар қандай муаммосини ҳал этиш, жабрланган фуқароларнинг мурожаатларини тезкорлик билан кўриб чиқилиши ҳамда уларда кўтарилган масалаларнинг жойида ҳал этилишини таъминламоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 7 май ҳолатига ишчи гуруҳлари томонидан Сардоба туманининг “Қўрғонтепа”, Оқолтин туманининг “Аҳиллик” ва “Саҳоват” маҳаллалардаги 1300 дан ортиқ хонадонлар ўрганилиб, биринчи кунлардаёқ 1000 га яқин оила кундалик рўзғор учун зарур бўлган идиш-товоқлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, гигиеник воситалар ҳамда иссиқ кийим-кечаклар билан таъминланди.
Шу билан бир қаторда ҳудудларда тозалаш, таъмирлаш ва қурилиш ишлари ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда. Хусусан, бугунги кунда жойларда чиқиндиларни олиб чиқиш, йўлларни таъмирлаш, аҳолини сув, электроэнергия ва газ таъминотини йўлга қўйиш ишлари кетмоқда. Жами бу ишларга 20 мингдан зиёд ишчилар ҳамда 3.5 мингга яқин махсус техника жалб этилган.
Ишлар давом этмоқда.