Миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. Мактуб матни ЎзА’да эълон қилинди.
Унда Усмонов болалиги ва ёшлиги ўтган она юртида Сардоба сув омбори билан бўлган вазиятни қалбида оғриқ билан қабул қилганини билдирган.
“Муқаддас Рамазон ойида Оллоҳнинг ўзи мени Ватанимга чорлади, зеро бу кунларда биз ёрдамга муҳтож одамларга алоҳида ғамхўрлик қилишимиз ва кўмак беришимиз керак. Биз қувончли дамларда ҳам, бошга ғам-ташвиш тушганда ҳам, бир-бирмизни елкама-елка туриб қўллаб-қувватлаймиз. Мен халқимизнинг тақдирига бефарқ қараб тура олмайман ва шу сабабли сув тошқинидан жабрланганлар турмушини тиклаш ва яхшилаш, талафот оқибатларини тезкорлик билан бартараф этишга ёрдам кўрсатиш учун 10 миллион доллар бераяпман.
Мен халқимизнинг дуоларига қўшилиб, уларнинг бошига тушган кутилмаган синовлардан тезроқ халос қилишини Оллоҳдан сўраб қоламан”, – деб ёзади Алишер Усмонов.
Аввалроқ Усмонов Ўзбекистонга 10 млн доллар Қозоғистонга эса 5 млн доллар ажратгани ҳақида ёзган эдик. Ушбу пуллар Сардоба сув омборидаги воқеадан талофат кўрганларга йўналтирилиши маълум қилинган.