Халқимиз бошига тушган ушбу синовли кунларни бартараф этиш ҳамда вақтинча даромадсиз қолган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати эълон қилинди.
Барча гувоҳи бўлгандек, мазкур хайрли ташаббус халқимиз, тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан илиқ кутиб олинди. Ҳозирда вирусга қарши барча бир ёқадан бош чиқариб курашмоқда.
Ушбу жараёнларда “Адолат” СДП депутатлари ва фаоллари ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатишмоқда. Улар жойларда нафақат мазкур ҳаракат мазмун-моҳиятини тарғиб қилишмоқда, балки ўзлари ҳам ибрат намунаси кўрсатишди.
Жумладан, партия фаоллари ва вилоят, туман шаҳар кенгашидаги 800 га яқин депутатлари томонидан апрель ойи давомида жами 1 278 589 895 сўмлик хайрия ва зарурий маҳсулотлар тарқатилди. Улар Республика бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган 15 220 оилаларга етказилди. Махсулотлар сирасига 3 581 қоп ун, 38 577 кг. ёғ, 30 817 кг. картошка, 27 514 кг. пиёз, 32 685 кг. макарон, 200 720 дона тиббий ниқоблар ва бошқа махсулотлар киради.
Қуйида қўли очиқ фаолларимизнинг аксариятига тўхталиб ўтамиз. Зеро, уларнинг халқ бошига иш тушгандаги ушбу фаоллиги ҳар қанча таҳсин айтилса, шунча кам.
Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Воҳидхон Ғаппаров Президентимиз томонидан олға сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини фаол қўллаб-қувватламоқда. Рамазон арафасида у ўзи сайланган 34-Оби ҳаёт сайлов округи ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи ўттизта кам таъминланган оилани уч ой мудатга оталиққа олди. Ҳозиргача уларга жами 15 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа кундалик эҳтиёж моллари етказиб берилди.
Халқ депутатлари Денов тумани Кенгаши депутати, Денов туманидаги “Чағониён – Наслчилик – Денов” хусусий корхонаси раҳбари, тадбиркор Ислом Худойбердиевнинг карантин даврида фуқаро М.Йўлчиева ёлғиз оналиги, умуртқа чурраси билан касалланиб шифохонада даволанаётганлиги, қарздорлиги туфайли моддий кўмакка муҳтожлиги сабаб ҳомийлик остида аёлнинг касалхона тўловлари ҳамда дорихонадан қарзга олинган дори-дармонлар қарздорликларини бартараф этишда амалий ёрдам берди. Шу билан бирга тумандаги “Қизилжар” “Намуна”, “Қорахон”, “Янги ҳаёт” МФЙларидаги кам таъминланган оилаларга ўз ҳисобидан 2 та қорамол сўйиб, гўшт маҳсулотлари ҳамда 15 миллион сўмлик кундалик эҳтиёжга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий ниқобларни жами 80 та хонадонга тарқатди.
Коронавирус пандемиясини енгиш мақсадида хоразмлик депутатлар ҳам фаоллик кўрсатишмоқда.
Хусусан, Хонқа туман Кенгаши депутати Аминбой Аминов ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, меҳрибонлик уйларига 100 минг донадан зиёд тиббий ниқобни бепул тарқатди. “Саропоён” қишлоғи “Гулистон” маҳалласида яшовчи оғир шароитдаги 50 та хонадоннинг ҳар бирига 200 минг сўмлик озиқ-овқат ва тиббий ҳимоя воситалари тарқатди. Депутат ташаббуси ва ҳомийлигида “Хонқа-Урганч”, “Урганч – Янгиариқ” йўлларининг кириш ва чиқиш жойларига машиналарни дезинфекция қиладиган ускуналар ўрнатилди, вилоят бўйлаб, 1 миллиондан зиёд турли ҳилдаги кўчатлар экилди. Эътиборлиси, депутат томонидан 80 миллион сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди.
Чирчиқ шаҳридаги фаолларимиз ҳам 95 миллион сўмлик хайрияни амалга оширишди. Партиянинг Чирчиқ шаҳар Кенгаши раиси Равшан Дастиров, Тошкент вилояти Кенгаши депутати Махмуджон Балтабаев, Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутатлари Мўмин Якубов, Эржан Нисанкулов, Шухрат Бегматов “Шарқ”, “Ахмад Яссавий”, “Навбаҳор” “Шодлик” МФЙларда яшовчи 200 та эҳтиёжманд оилалар учун 1000 дона қадоқда қора ва кўк чой, 1000 дона қадоқда сариёғ, 10 минг тиббиёт ниқоби, 100 жуфт спорт анжомларидан шахмат-шашка ва турли номдаги китоблар тарқатишди.
Пастдарғом туман Кенгаши депутати Қуёш Хақбердиев 200 нафар фуқаронинг ҳар бирига 50 килограмдан олий навли ун, 5 килограмдан писта ёғи, 5 килограмдан сифатли гуруч, 5 килограмдан сифатли макарон маҳсулотларини тарқатди.
Юнусобод туман Кенгаши депутати Қахрамон Муҳаммадқулов (Яккасарой туманидаги “Premium Engineering Service” масъулияти чекланган жамияти директори) Хайрияларни мувофиқлаштириш марказига 4 тонна картошка, 2 тонна пиёз ва 1 тонна сабзи етказиб берди.
Бектемир туман Кенгаши депутати Наргис Давлятова эса ўз ташаббуси билан “Мурувват – фонд” ташкил этиб, унга тадбиркорларни жалб қилди. Бу фонд бугунги кунда Тошкент шаҳри бўйлаб жуда кўплаб оилаларга кўмак кўрсатмоқда. Шунингдек, депутат Бектемир тумани бўйлаб 1000 та спирт ва 500 та тиббий ниқоблар ҳам хайрия қилган. Бугун Бектемир туманида коронавирус касаллиги билан курашаётган, хасталикни даволаётган 30 нафар шифокорлар учун озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
23-Янги ҳаёт сайлов округидан сайланган Бухоро вилоят Кенгаши депутати Ҳамидов Мақсуд Амонович карантин даврида жами 30 нафар кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олдил. 8 қоп ун, 40 литр ёғ, 60 кг. картошка, 60 кг. пиёз, 30 кг макарон, 500 дона тиббий ниқоб тақдим этилди.
Халқ депутатлари Нукус шахар Кенгаши депутати С.Исметова “Жаңа базар” МФЙ, “Қоскол-4” элати аҳолиси учун 3000 дона бепул қолипли нон тарқатди. Шунингдек, депутат арзонлаштирилган баҳода мол гўшти, картошка, сабзи, пиёз махсулотларини етказиб берди.
Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати Шерзод Каримов томонидан Марғилон шаҳрининг “Туягум”, “Ёвқочар”, “Галатой”, "Маориф", "Чароғон" маҳаллаларидаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларига 12 миллион сўмлик 80 қоп ун, 400 литр ўсимлик ёғи берилди.
Халқ депутатлари Қўштепа туман кенгаши депутатлари томонидан ҳам арзирли ишлар қилинмоқда. Давлат Сайдалиев Қўштепа туманининг "Кўприкбоши", "Шакар" МФЙларидаги 250 та хонадонга 250 қоп ун, 500 кг. шакар берган. Яна бир туман Кенгаши депутати Дониёр Муродов "Янгиариқ", "Қўрғонча" маҳаллаларидаги 100 та оилага 100 қоп ун, 500 кг. гуруч, 500 литр ўсимлик ёғи, 300 кг. шакар, 100 кг. туз, 100 кг. чой тарқатган.
Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Жаҳонгир Нортошев ўз ҳисобидан аҳолимизнинг эҳтиёжманд қисмини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қулувчи 20 дан ортиқ оилаларга хайрия тадбирларини амалга оширди. Унда 100 кг. дан ортиқ картошка, 100 кг дан ортиқ пиёз, 120 кг дан ортиқ ун, 100 кг.дан ортиқ сабзи, 40 литр ўсимлик ёғи, 50 кг.дан ортиқ шакардан иборат бирламчи истеъмол маҳсулотлари, 500 дан ортиқ тиббиёт ниқоби, 200 дан ортиқ антисептик воситалар, 500 дан ортиқ тиббиёт қўлқоплари фуқароларга бепул тарқатилди.
Албатта, юқорида саховатли фаолларимизнинг айримларигагина тўхталиб ўтдик, холос. Бу эзгу ташаббус, эзгу амаллар бошланиши йўлидаги илк қадамлар ҳисобланади. Шундай экан, “адолатчилар” томонидан бажарилаётган ушбу эзгу ташаббуслар бардавомдир.
“Адолат” СДП “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаоллик кўрсатаётган барча аҳолимизга ўз миннатдорчилигини билдиради ва қолган фуқароларимиздан ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашни сўраб қолади. Бирлашиб, бир муштга айлансак, ҳар қандай хавф-хатарни енгамиз.