Президент Шон-шараф музейи ва «Кўз ёши» мажмуасига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Шавкат Мирзиёев дастлаб Шон-шараф музейини кўздан кечирди. Маълум бўлишича ушбу музей 6 та бўлимдан иборат. 1-бўлимда республикамиз аҳолисининг фронтга сафарбар этилиши, жанг майдонларидаги жасорати акс эттирилган. Иккинчи бўлим “Ўзбекистон – фронт учун ишончли таянч қўрғони” деб номланган. Кейинги бўлимда уруш йилларида юртимиздаги илм-фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳалари намойиш этилган. 4-бўлим “Уруш ва ғалаба ҳақида хотиралар, халқнинг қувонч ва шодлиги” деб аталган бўлса, навбатдаги шўъбада уруш йилларидаги бадиий адабиёт, санъат ва матбуот ҳақида ҳикоя қилинган. «Мардлар жасорати мангу яшайди» номли 6-бўлимдан 33 жилдлик «Хотира» китоби, шунингдек, байрам муносабати билан нашр этилган китоб-альбом ва бошқа экспонатлар ўрин олган.
"Бу музейнинг пайдо бўлиши адолатнинг тикланиши демакдир. Тарихимизнинг бир қисми бўлган уруш воқеаларини бир жойда намоён этадиган бундай маскан йўқ эди. Бу ишлардан мақсад-муддаоимиз - халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага қўшган буюк ҳиссасини тарихга муҳрлаб қўйиш, ёш авлодларга етказиш. Юз йиллардан кейин ҳам одамлар келиб, уруш воқеалари ва оқибатларини, тинчлик қадрини билиши керак", - деди Президент.
Шундан сўнг давлат раҳбари «Кўз ёши» мажмуасини ҳам кўздан кечирди. Кўз шаклидаги бу бадиий мажмуада урушнинг мудҳишлиги, миллати ва динидан қатъи назар, барча одамлар бирлиги ифодаланган.