Бугун, 9 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғидаги амфитеатрда фахрийларни байрам билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Бугунги қутлуғ айёмда барчамиз, аввало, ўз жонини она юрт учун қурбон қилган ватандошларимизнинг руҳи поклари олдида бош эгиб таъзим қиламиз. Сизлар каби минглаб уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларини – азму шижоатли, довюрак ота-боболаримиз, сабр-матонатли оналаримиз, момоларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз, - деди Президент.
Бу йил карантин сабабли аксарият уруш файрийлари байрмни уйларида нишонлади.
Сиз азизларнинг барчангизни ғойибона бағримга босиб, бугунги эркин ва озод ҳаётни таъминлаш йўлида кўрсатган мардлигингиз, Ватанга садоқатингиз учун ўз номимдан, халқимиз номидан раҳматлар айтиб, энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этаман.
Биз сизларнинг тимсолингизда ўзининг доно маслаҳатлари, бой ҳаётий тажрибаси билан ҳаммамизга устоз ва дуогўй бўлиб юрган мўътабар инсонларни кўрамиз. Сизларнинг ҳар бирингиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ҳаёт йўлларида дуч келаётган турли қийинчилик ва муаммоларни, ҳозирги кунда бошимизга тушган синовларни енгиб ўтишда биз сизларнинг мислсиз сабот ва матонатингиздан, қатъиятингиздан доимо куч ва ибрат оламиз. Ёш авлодимизни Ватанга, халққа садоқатли, жасур инсонлар этиб тарбиялашда биз сизларни доимо ўрнак деб биламиз ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ушбу байрам тадбирига келган ҳар бир меҳнат фахрийлари, уруш қатнашчилари билан алоҳида саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради.