2002 йилдан 2007 йилга қадар Гулнора Каримова билан бирга ишлаган тадбиркор Жасур Абдураҳмонов Кун таҳририятига интервью берди. Интервью давомида Абдураҳмонов Каримова билан муносабатлари ҳақида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, Абдураҳмонов Каримова билан алоқалари ёмонлашгани сабабли Ўзбекистонни тарк этган. Тадбиркор Каримовага уйланиш таклифини рад этгани учун муносабатлар ёмонлашганини таъкидлади.
“Каримова билан суҳбатларнинг бирида у менга турмушга чиқиш нияти борлигини айтди. Афсуски у “йўқ” деган жавобни эшитишга ўрганмаган. Мен унга 3 та фарзандим борлигини ва оилам билан ажраша олмаслигимни тушинтирдим. Ўшанда у менга «топган барча нарсаларингиздан бир зумда ажраб қолишингиз мумкинлигини биласизми?» дея очиқ таҳдид қилганди”, – дейди у.
Абдураҳмонов суҳбат жараёнида шунингдек, Каримованинг ўғли Лондонда қайси маблағ ҳисобига кун кечираётганини таҳмин қилди. Тадбиркор Каримованинг ўғли онасининг махсус ҳисоб рақамлари ёки бўлмаса қайсидир кўчмас мулклари ижарасидан даромад қилиб турганини айтди. Таъкидлаш жоиз, Абдураҳмонов деярли 12 йил тазйиқлар туфайли хорижда яшашга мажбур бўлган.