Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига сафари вақтида вилоятдаги икки туман ва бир шаҳар ҳокими вазифасидан озод этилди.
Қамаши тумани ҳокими Фахриддин Омонович Дўстмуродов ўрнига Шерали Санаев янги раҳбар этиб тайинланган. Санаев шу кунгача Бекобод тумани прокурори сифатида ишлаб келаётганди.
Яккабоғ тумани ҳокими Жаҳонгир Абдужалилович Бобоев ҳам лавозимдан озод этилиб, унинг ўрнига Қашқадарё вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи Шомурод Донаев янги ҳоким этиб тайинланган.
Шаҳрисабз шаҳри ҳокими Исмат Нусратович Нусуров ҳам ишдан олиниб, унинг ўрнига «Ўзсаноатқурилишбанки» бошқарма бошлиғи ўринбосари Тўлқин Каримов янги ҳоким сифатида иш бошлаган.
Шунингдек, Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Иброҳимович Омонов, туман прокурори, туман ИИБ бошлиғи ҳамда туман ДСИ бошлиғига огоҳлантириш берилган, дейилади Kun.uz тарқатган хабарда.