Бугун, 12 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасидаги олим ва педагоглар учун қурилган уйларни бориб кўрди.
Маълум қилинишича, у ерда 6 та 9 қаватли уйлар қурилган. Президент у ерда яратилган шароитларни кўздан кечириб, хонадон эгалари билан суҳбатлашди.
- Сизларни, сизлар орқали бу ерда яшайдиган барча оилаларни табриклайман, мана шу шинам, замонавий уйлар муборак бўлсин! Ўзим ҳам қишлоқдан келиб, 15 йил ижарада яшаган одам сифатида бу нарсанинг қадрини жуда яхши ҳис қиламан. Биз олим ва педагоглардан натижа кутардигу, шароитини сўрамасдик. Сизларни ҳам рози қиладиган вақт-соат келди. Илмли одамлар – мамлакатимизнинг олтин фонди. Уларнинг қўлида келажагимиз бўлган болаларимиз тарбияланади. Ўқитувчилар уйли бўлиб, оиласидан кўнгли тўқ бўлса, касбига меҳр билан, Ватанга садоқат билан ишлайди. Бу уйлар сизларга буюрсин, шу ерда тўйлар қилинглар. Фарзандларингиз, невараларингиз ота-онам илмни танлаб кам бўлмади, деб юрсин, – дея эзгу ниятлар билдирди Президент.