Украина қандолатчилик маҳсулотларининг Ўзбекистондаги расмий дилерларидан бири хабар беришича, 50 вагон украин ширинликлари бир ойдан ортиқ вақт давомида чегарада туриб қолган.
“Чегарада ўнлаб вагонлар турибди. Уларнинг ҳар бирида ўртача 50 тоннадан маҳсулот бор. Маҳсулот етказиб бериш ҳақидаги шартнома сентябрь ойи бошларида тузилган эди. Маҳсулотнинг ўзи эса ноябрда етиб келган ва шундан бери турибди. Мен уларни янги йилгача сотиб юборишни режалаштиргандим”, – деб шикоят қилмоқда дилер.
Унинг сўзларига қараганда, маҳсулот икки назорат пунктида турибди – “Тошкентсавдо” ва “Сергели”.
“Ўзбекистон божхонаси молларни расмийлаштиришдан бесабаб бош тортмоқда. Уларнинг айтишича, расмийлаштириш ҳақида буйруқ келиб тушмаган”, – деб таъкидламоқда манба.
Давлат божхона қўмитасининг маълум қилишича, қандолат маҳсулотларини расмийлаштириш бўйича ҳеч қандай чеклов йўқ.
“Украина молларини киритиш бўйича ҳеч қандай тўсқинликлар йўқ. Божхона расмийлаштириш қоидалари барча ишлаб чиқарувчилар учун бирдек амал қилади. Молларни киритишга фақат ишлаб чиқарувчилар ҳужжатлари тўғри келмаган ҳолдагина чеклов ўрнатилиши мумкин”, – деб таъкидлади қўмита матбуот хизмати раҳбари Нурбек Саломов.
Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Рустам Қобуловнинг айтишича, товарни рўйхатдан ўтказиш жараёни темир йўлларда юқлар кўпайиб кетиши билан боғлиқ муаммо туфайли вақтинча тўхтатиб қўйилиши мумкин.
Бироқ Ўзбекистон томонидан украин қандолат маҳсулотларини киритиш бўйича муаммолар борлигини Украина қандолатчилар ассоциацияси (Укркондпром) ҳам тасдиқлади.
Шунингдек, хабар Turon24'га Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати томонидан ҳам тасдиқланди.