Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга мактуб йўллади.
Мактубда Ўзбекистон раҳбари Назарбоевнинг коронавирус касаллигига чалингани тўғрисидаги хабарни чуқур безовталик ва катта хавотир билан қабул қилганини маълум қилган.
"Ҳаётингиздаги ушбу синовли ва мураккаб пайтларда биз учун ҳамиша чексиз эҳтиромга сазовор бўлиб келган Сиз, азиз оғамни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигимни ва яқин кўмакдош эканлигимни яна бир бор чин қалбдан маълум этмоқчиман", - дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти Қозоғистоннинг биринчи президентига қисқа фурсатларда вирусни муваффақиятли енгиб ўтиб, шифо топишига ва тузалиб кетишига ишонишини билдирган.
"Қадрли Нурсултон Абишевич, Сизга Қодир Аллоҳдан мустаҳкам сиҳат-саломатлик, куч-қувват, узоқ умр ва янги зафарлар ато қилишини сўраб қоламан.
Тез орада Сиз билан дийдор кўришиш бахтига муяссарлик насиб этишига умид қиламан", - деб ўз мактубини якунлаган давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев.