Денов тумани ҳокимининг коронавирусдан вафот этиш ҳолати кузатилгани ҳақидаги хабари ўчириб ташланди. Буни кун.уз таҳририяти пайқаб қолди.
Сурхондарёнинг Денов тумани ҳокими Бахтиёр Ибатов 20 июнда коронавирусдан вафот этиш ҳолати кузатилганини маълум қилди. Лекин кейинчалик ушбу хабар ўчириб ташланган.
Ҳокимнинг видеомурожаатида Ибатов фуқароларга коронавирусга чалинмаслик учун карантин қоидаларига риоя қилишни сўраган. Шунингдек, у вафот этган фуқаро билан мулоқотда бўлган 187 киши карантинга олинганини маълум қилган. Уларнинг 6 нафарида эса коронавирус қайд этилган.
Ушбу видео 21 июнь куни туман ҳокимлигининг телеграм каналида эълон қилинган ва кейинчалик ўчириб юборилган. Кун.уз таҳририяти вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилган. Лекин хабар тасдиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, 22 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра яна 43 кишида коронавирус аниқланиб, умумий зарарланганлар сони 6358 нафарга етди. Барча янги касалланиш ҳолати карантин марказида қайд этилган.