Шавкат Мирзиёев ҳоким бўлган даврини эслаб, Андижон, Наманган ва Бухоронинг собиқ ҳокимини мақтади. Бу ҳақда "Дарё" хабар қилди.
Президент Наманганга ташрифи чоғида бу шу мавззуда гапирган. Хусусан, Шавкат Мирзиёев йиғилишда боқиманда ҳокимларни танқид қилган.
«Бундай ҳокимлар кимга керак? Ҳадеб пул сўраверишнинг ўрнига тадбиркорларга шароит яратсин, бир сўмни икки сўм қилишни ўргансин. Тошкентдан келган пулни тақсимот қилиб ўтиришни ҳамма ҳам билади», — деди давлат раҳбари.
Президент Самарқандда ҳоким бўлган йилларини эслаб, ўша вақтда трактор тугул, ҳатто оддий шина олишга ҳам имкон тополмаган пайтлари бўлганини айтди.
«Кунига машинам учун 10 литр бензин берарди — бу Самарқанддан Пахтачига бориб-келишга ҳам етмасди. Меҳмон кутиб-кузатувчи эдим, кунига уч-тўрт маротаба меҳмон кутишга ҳам тўғри келарди. Шундай кунларни кўрганмиз. Ҳозир ундай эмас-ку? Ҳудудларда миллиард-миллиард сўм ўзида қоляпти, — деди Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев шунингдек, боқиманда ҳокимларни танқид қилиш билан бирга айрим вилоят раҳбарларининг ишига бўлган масъулияти ҳақида гапирди.
«[Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат] Абдураҳмонов билан [Наманган вилояти ҳокими Хайрулло] Бозоровни нега ҳурмат қиламан? Улар айтилган топшириқни сидқидилдан бажаради, яна ўзи ташаббус ҳам кўрсатади. Ўктам Барноевда ҳам шундай хусусият бор эди. Бизга шундай ҳокимлар керак», — деди Шавкат Мирзиёев.