Шавкат Мирзиёев видеоселекторда бир нечта раҳбарларни ишдан олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, кеча 8 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаштириш кўрсаткичи энг паст секторлар таъкидланиб, уларнинг раҳбарларига жазо чоралари кўрилган.
Жумладан, Фарғона тумани ҳокими Носиров, Яккабоғ тумани прокурори Мустафаев, Ғузор ва Чортоқ туманлари ички ишлар бошқармалари бошлиқлари Рахмонов ва Абдурайимов, Муборак тумани ва Қўқон шаҳар солиқ инспекциялари бошлиқлари Темиров ва Турдиқуловларни эгаллаб турган лавозимларидан озод этиш бўйича топшириқлар берилди.
Шўрчи тумани ҳокими Худайберганов, Каттақўрғон, Косон ва Пайариқ туманлари ички ишлар бошқармалари бошлиқлари Отамуродов, Отакулов ва Шермухамедов, Нарпай, Ғаллаорол туманлари ва Гулистон шаҳар солиқ инспекциялари бошлиқлари Деҳқонов, Мамаев ва Раджабовларга нисбатан охирги огоҳлантириш сифатида “ҳайфсан” эълон қилиниши белгиланди.