Актам Хаитов коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият бўйича ўзбекистонликларга мурожаат қилди. Бу ҳақда ЎзлиДеП расмий сайтида хабар қилинди.
Қуйида мурожаат матнини ҳавола этамиз.
Муҳтарам юртдошлар!
Азиз партиядошлар!
Коронавирус балоси дунёни қамраб олган бугунги таҳликали вазиятда, Она-Ер сайёрасида истиқомат қилаётган одам зотининг бугунги авлоди бутунлай қирилиб кетмаслиги учун кураш энг муҳим муаммога айланди.
Бу кутилмаган бало оқибатида иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам, дунё цивилизациясининг илғорлари қаторидан жой олган, энг ривожланган, дея эътироф этилувчи айрим мамлакатлар ҳам мислсиз қурбонлар бермоқда.
Шуни афсус билан таъкидлашимиз жоизки, бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган Ўзбекистон ҳам бутун дунёда рўй бераётган бундай бало-ю офатдан четда қолаётгани йўқ.
Шу муносабат билан муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон фуқароларига, бутун ҳалқимизга қилган бир неча мурожаати ҳам барча юртдошларимизни янада жипслашишига ва ушбу касаллик тарқалишининг олдини олишда фаол иштирок этишларида муҳим рол ўйнади, десак айни ҳаёт ҳақиқатини ифодалаган бўламиз.
Юртбошимизнинг куни кеча видеоселектор орқали халқимизга қилган мурожаатини юрт эртаси ҳақида қайғуриш, ҳар бир инсон, айниқса ҳар бир ўғил-қиз учун ғамхўрлик эканлигини ҳар биримиз чуқур ва теран ҳис этайлик. Ушбу даъватга ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонат, юксак тафаккур, қатъий интизом ва улкан масъулият билан жавоб берайлик.
Аввало, Мурожаатда таъкидланганидек, бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга, темир интизом билан, қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ, албатта.
Айниқса, карантин талабларига қатьий итоат қилиш, тиббий ниқоб тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузмаслик, ижтимоий масофани сақлаш, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказмаслик кабилар кўпчилигимининг ҳаётимизни сақлаш, ўринсиз қурбонлар берилмаслигига имконият яратади.
Юртбошимиз Мурожаатида кимгадир ортиқча юк юклатилаётгани, бирор бир чиқимдорлик назарда тутилаётгани йўқ. Бу борада давлат зарур чораларни кўрмоқда, лозим бўлган барча ишларни амалга оширмоқда.
Гап ҳар биримизнинг бу борада ҳам ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз, яъни Президентимиз таъкидлаганларидек, “Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз “Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!” деган шиорга амал қилиб яшашимиз шартлиги ҳақида бормоқда.
Буларнинг барчаси пандемия шароитида ўзимиз ва яқинларимиз ҳаётини гаровга ва хавф остига қўймасдан, бир тану бир жон бўлиб яшаш ва меҳнат қилишимиз кераклигидан далолат беради.
Партиямизнинг асосий электорати бўлган тадбиркор, фермер ва ишбилармонларни бундай синовли кунларда саросима ёки ташвишга тушмасдан, руҳни тетик тутиб, керакли тиббий қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда, бошлаган ишларни изчил давом эттиришга чақирамиз.
Айни пайтда, бутун партиямиз фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатларимиз тадбиркорлар, фермерларимизни қўллаб-қувватлаган ҳолда зарур тушунтириш ва тарғибот олиб боришларига ишонамиз.
Шундай экан барчамиз, Президентимиз Мурожаатидаги ҳар бир фикр, хулоса ва мулоҳазаларни қалбимиз ва онгимизга сингдирайлик, Эл саломатлиги йўлида қилинаётган ҳар бир ишни қадрига етайлик.
Уйда қолиб, бошимизга тушган синовли кунлардан эсон-омон ўтишни, ўз ҳаловатидан кечиб меҳнат қилаётган ҳукуматимиз ва шифокорларга мадад бўлайлик.