Бу тизимга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар асосида депутатлар ўзлари сайланган округдаги мавжуд муаммолар ҳақида маълумотларга эга бўлиб боришмоқда.
Хусусан, аҳоли муаммоларини ўрганиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига ёрдам кўрсатиш, тегишли ташкилотлар томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ҳамда улар юзасидан қабул қилинган қарорлар ижросини жойига чиққан ҳолда ўрганиш жараёнларида депутатлар иштирокини таъминлаш яхши натижа бермоқда.
Бу ишларни амалга ошириш учун барча депутатлар ва Халқ қабулхонаси ходимларидан иборат интернет гуруҳи ташкил қилинди. Мазкур гуруҳ орқали депутатлар ҳар бир мурожаатдан электрон тарзда хабардор қилиняптилар. Хабарда мурожаатчи, унинг яшаш манзили ва телефон рақами, ариза мазмуни ҳамда ижрочи ташкилот тўғрисида маълумотлар бор. Мазкур хабар бўйича тушган далиллар асосида депутатлар ижрочи ташкилот билан ҳамкорликда ўз ваколатлари доирасида мурожаатни ҳал қилиш, ўрганиш жараёнларида иштирок этишяпти.
Мисол учун, Вобкент туманида яшовчи фуқаро Ҳ.Фатуллаевнинг уй-жойини таъмирлашда амалий ёрдам сўрам Президент Халқ қабулхонаси қилган мурожаати туман Халқ қабулхонаси мудири М. Мустафоев, Халқ депутатлари тумани кенгаши депутатлари Ў.Бобоқулов ҳамда М.Ҳалимовлар ҳамкорлигида ўрганилиб, Ҳ.Фатуллаевга қурилиш материаллари олиб берилиб, ҳашар йўли билан уй-жойларини таъмирлаб бериш чоралари кўрилди. Ҳовли – жойи саранжом қилиниб, томорқа ерларига экин экилиши ташкиллаштирилди. Мурожаатчига томарқа еридан мақсадли фойдаланиш, ер даромад манбаи уни ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш зарурлиги тўғрисида тушунча ва зарурий маслахатлар берилди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Умуман, Халқ қабулхоналарига келиб тушган 6 мингга яқин мурожаатнинг 70 фоизи Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, сектор раҳбарлари ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қаноатлантирилди.
Яна бир яхши тажриба хусусида.Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессиясида ҳар бир депутатга ўн нафардан ишсиз ёшлар бириктирилиб, йил давомида уларни ишга жойлаштириш топширилди. Шу тариқа депутатлар ёшларни оталиққа олиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатмоқдалар,ишсизларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишларида кўмаклашмоқдалар.
Бугунги синовли кунларда депутатлар хайр-саховат ишлари билан ҳам шуғулланмоқда.Шу билан бирга ишсиз қолган аҳолини ўйлаб, қўшимча иш ўринлари яратмоқда. Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати, «Шоҳруд» ҳиссадорлик жамияти раҳбари Нодир Ҳамдамов ана шундай инсонлардан бири. У яна бир эзгу ишга қўл урди. «Саховатлимиз, иш ўрни яратамиз!» акцияси доирасида иш ўрнини йўқотган 25 нафар кишининг бандлигини таъминлади.
У бунга айни синовли кунларда антисептик воситалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали эришди. Депутат яқин келажакда камида 50 нафар кишини доимий иш билан таъминлаш ниятида.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, «Парвоз Хумо Равнақ Транс» масъулияти чекланган жамият раҳбари Нурмухамед Ачилов ҳам мана шундай саховатпеша тадбиркорларимиздан. У вилоятимизнинг чегара ҳудуди бўлмиш Олот туманида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож 1849 та оилани ўз оталиғига олди. Ушбу оилаларнинг жисмоний меҳнатга қобилиятли бўлган вакилларини иш билан таъминланмоқда. Аниқроғи, «Парвоз Хумо Равнақ Транс» МЧЖга қарашли боғнинг қатор орасига сабзавот ва полиз экинларини экиш орқали ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигининг олди олинмоқда, ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари даромад манбаига эга бўлишмоқда. Шу оилаларнинг меҳнат қилиш имконияти чекланган вакилларини эса озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масъулиятини Нурмуҳамед Ачилов ўз елкасига олган.
Бир сўз билан айтганда, Халқ қабулхонасининг сиёсий партиялар ҳамда депутатлар билан яқин ҳамкорлиги, мурожаатларни ҳал этишдаги янгича ёндашув одамлар ташвишини енгиллатишга, уларнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларига хизмат қилмоқда.
Эркин Қулназарович Қудратов,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири