Бугун мамлакатимизда жамиятни коррупция иллатидан тозалаш борасида аввалги йилларга нисбатан-да кўпроқ эътибор қаратилаяпти.
Ҳатто, муамолага “ҳалоллик вакцинаси” деган тушунча кириб келди ва таъбир жоиз бўлса, одамларни у билан эмлаш давр талабига айланди.
Бироқ, шунча сайъ-ҳаракатларга қарамасдан коррупцияга аралашиб қолаётганлар йўқ эмас.
Хусусан, Тошкент шаҳар Бектемир тумани ҳокимлигининг масъул ходими маҳаллий тадбиркорга Яшнобод тумани Оҳангарон шоҳ кўчаси бўйлаб ўтган ер усти метроси тагидаги бўш ерлардан тижорат мақсадида фойдаланиши учун расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, эвазига 4 минг АҚШ доллари сўрайди.
ДХХ Тошкент шаҳар Бошқармаси ходимларининг шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида мазкур шахс талаб қилинган пул маблағини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти доценти ўзининг воситачиси бўлган жиноий шериги билан биргаликда маҳаллий фуқарони ушбу олий ўқув юртига ўқишга киритиб қўйиш учун 10 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ушланди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур шахс иш фаолиятида йўл қўйган қўпол камчиликлари туфайли институт раҳбарияти томонидан 2018 йилда ишдан бўшатилган. Лекин, у ноҳақ бўшатилганлигини рўкач қилиб, суд идораларига мурожаат қилиши натижасида, жорий йилнинг 2 июль куни қайтадан ишга қабул қилинган. Аммо, орадан бир неча кун ўтиб, нопок ишга қўл урган.
Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Ургут тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида ишловчи шифокор Самарқанд давлат тиббиёт институтидаги юқори лавозимли танишлари орқали 3 нафар фуқарони мазкур олий ўқув юртига ўқишга киритиб қўйиш учун 18 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг ҳамтавоғи бўлган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиали шифокори ҳам қўлга олинди.
Бу каби ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кузатилди.
Жумладан, Нукус давлат педагогика институтининг факультетларидан бирида декан ўринбосари вазифасида ишловчи шахс Кегейли туманида яшовчи фуқарога ушбу олий таълим муассасасига кириш имтиҳонларида ёрдам беришни ваъда қилиб, ундан 3000 АҚШ доллари олаётган вақтида ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва прокуратура ходимлари томонидан қўлга олинди.
Мазкур институтнинг яна бир ходими Беруний туманида яшовчи 4 нафар фуқаронинг ўқишга киришларида ёрдам бериш эвазига уларнинг ҳар биридан 2 минг АҚШ долларидан, жами 8 минг АҚШ доллари талаб қилиб, сўралган пул маблағини олаётган вақтида ушланди.
Навбатдаги ҳолат Бухоро вилоятида қайд этилди. Бухоро давлат университети ўқитувчиси Жондор туманида яшовчи фуқарони ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига ундан 4000 АҚШ доллари олаётган вақтида ДХХ ва Прокуратура ходимлари томонидан қўлга олинди.
Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ноқонуний ишларга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.