2020 йил 15 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг видеоконференц алоқа тарзидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда жорий йил 14 июль куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишининг тафсилотлари, унда ишлаб чиқариш корхоналарини ишга солиш, хусусан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар натижасида меҳнат унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида банд бўлган аҳолини янада қўллаб-қувватлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги каби масалалар бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларга эътибор қаратилди.
Онлайн мулоқотда сўз олган O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда партия фракцияси аъзолари янада масъулиятли ва фаол бўлишлиги борасида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда коронавирусга чалинганлар сони кўпайиб бораётгани муносабати билан карантин талаблари янада кучайтирилиб, ҳар бир фуқаро қатъий сафарбарлик шароитида яшаш ва ишлашга мажбур бўлмоқда. Юртимиздаги вазият Республика махсус комиссияси томонидан мунтазам таҳлил қилиниб, инфекцияни жиловлаш юзасидан барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, имконият мавжуд бўлган ҳамма жойда ишлаб чиқариш корхоналарини ишга солиш, меҳнат унумдорлигини ошириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, коронавирус пандемияси даврида иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш учун барча имкониятлар ишга солинаётгани туфайли иқтисодиёт тармоқларида фаоллик тикланмоқда. Хусусан, эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, ҳудудларни «яшил», «сариқ» ва «қизил» зоналарга ажратган ҳолда, юз мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектининг фаолиятига рухсат берилди, 600 мингдан зиёд ходимлар иш жойига қайтди.
Биргина мисол, куни кеча «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини ҳамда Наманган вилоятидаги кичик саноат зоналарини ривожлантиришни молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаини яратиш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури учун қўшимча равишда 98 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағ ажратилиши белгиланди. Қарор билан молиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларига ёшлар ва хотин-қизларни кичик тадбиркорликка жалб қилиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга 2 миллион АҚШ доллари, вилоятдаги кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш учун 50 миллион АҚШ доллари ажратилиши кўзда тутилган.
Фракция йиғилишида бу йилдан бошлаб озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи дунё миқёсида ҳал қилувчи ўринга чиқиши, шунинг учун мамлакатимизда доимо уч ойлик озиқ-овқат захираси бўлиши лозимлиги таъкидланди. Ушбу жараёнда далаларда фидокорона меҳнат қилаётган миришкор фермер ва деҳқонлар, соҳибкор боғбонлар, томорқа ер эгаларининг меҳнатлари таҳсинга сазовордир.
Тадбир давомида депутатлар Президентимизнинг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётгани ҳақида ҳам ўз фикрларини билдиришди.
Таъкидланганидек, мазкур ҳужжатга мувофиқ, кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар шу йилнинг 1 сентябрига қадар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинган.
Йиғилишда мазкур фармондан кўзланган мақсад коронавирус пандемияси даврида аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб‑қувватлашдан иборат эканлиги қайд этилиб, унинг мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, тадбиркор ва фермерлар орасида кенг тарғиб қилиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Йиғилишда фракция ваколатларига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.