Алишер Қодиров хориждан ватандошларни олиб келишни тўхтатиш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Миллий тикланиш фракцияси раҳбари ўзининг телеграм каналида ёзиб қолдирди.
Қодиров бу йўналишда Исроил давлати тажрибасини мисол қилиб кўрсатди. Унинг айтишича Исроил 2020 йилнинг 1 сетнябригача барча кирувчилар учун чегараларини ёпган.
"Нимага? Чунки ичкарига кирган ҳар бир инсон вируснинг янги, бораётган жойидаги муҳитга мослашмаган типини олиб кириши мумкин. Бу янги тўлқин дегани", деб ёзади Қодиров.
Шу ўринда Алишер Қодиров қуйидаги сатрларни ҳам келтирган.
"Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам “Вабо тарқалган жойга бормангиз, агар турган жойингизда вабо бўлса у ердан кетмангиз” деб бекорга айтмаганлар", дея қўшима қилди у.
Фракция раҳбари хориждан ватандошларимизни олиб келишни тўхтатиш, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштириш ҳақида ўйлашимиз кераклигини таъкидлаган.
"Бу биринчи навбатда ўша ватандошимизнинг қариндошларига, қолаверса бутун Ўзбекистонга яхшилик бўлади.
Яна бир янги штамм халқимиз учун жуда оғир бўлади", дейди Алишер Қодиров.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида қанча оғир бўлса ҳам ҳамма четда юрган фуқароларни ватанига олиб келиш кераклигини айтган эди.