Ўзбекистонда охирги 2 йилда 122 нафар кадастр ходими жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда бугун Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда маълум қилинди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинган.
Унда соҳада сўнггги йилларда муаммолар йиғилиб қолгани танқид қилинди. Хусусан, Ўзбекистонда ер хатлови сўнгги маротаба бундан 40 йил олдин амалга оширилгани айтилди. Шунингдек, мамлакатда 140 та туманнинг маъмурий чегараси ҳалигача белгиланмаганлиги таъкидланди.
"Қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш тартиби 20 йил олдин қабул қилинган ва ҳозирги ислоҳотлар талабига жавоб бермайди. Буларнинг оқибатида соҳада талон-торожлик ва коррупция авж олган. 66 та туманда 150 минг гектар экин ери ўзбошимчалик билан эгаллангани, охирги икки йилда 122 нафар кадастр ходими жиноий жавобгар бўлгани бунинг далили", дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.