Аҳамиятли жиҳати ушбу фармонда назарда тутилган айрим жиҳатлар ЎзЛиДеП Сайловолди дастурида илгари сурилган вазифаларнинг амалга ошишига қаратилган.
Хусусан, дастуримизда вилоятлар миқёсидаги судларни оптималлаштириш, бирлаштириш, ягона суд раиси бўйсунувига ўтказиш, маъмурий судлар томонидан оммавий, моддий ҳуқуққа оид ишлар ҳам амалда кўриб чиқилаётганини инобатга олиб, уларнинг мақомини қайта кўриб чиқиш борасида аниқ таклифлар илгари сурилган. Фармонда ҳам бу борада аниқ вазифалар белгилангани эътиборга молик.
Қолаверса, фармонда 2020 йил 1 ноябрга қадар янги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи қўйилган.
Айни шу масала юзасидан партия қуйидаги таклифларни илгари суриб келмоқда:
– хусусий мулк дахлсизлигини, тадбиркорлик ва тадбиркорларни ишончли ҳимоялашни таъминлашда судларнинг ролини кучайтириш;
– жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкларини бузиш, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкалари ва хусусий мулк объектларини олиб қўйиш ҳамда тадбиркорлик субъектларига берилган лицензияларни бекор қилиш бўйича қарорларнинг фақат суд томонидан қабул қилиниши;
– тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида кўрган зарарлари борасидаги даъволари муддатларини бекор қилиш ва муддатсиз эканини кафолатлаш, шу мақсадда «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш шулар жумласидандир.
Биз учун суд фаолияти ва мустақиллигининг энг муҳим мезони – фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоялангани, адолатли судлов таъминлангани, якуний ва барқарор суд қарорларининг қабул қилинганидир. Президент фармони партиямизнинг бу борадаги аниқ вазифаларини акс эттиргани билан аҳамиятлидир.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси Спикери ўринбосари,
OʼzLiDeP фракцияси раҳбари
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси Спикери ўринбосари,
OʼzLiDeP фракцияси раҳбари