Ҳукумат раҳбарининг ўринбосари Беҳзод Мусаев Ўзбекистон24 телеканалига берган интервьюси давомида карантин узайтирилгани учун аҳолидан узр сўради.
Мусаев интервьюсида карантин узайтирилиши ҳукумат ва ҳокимият учун жуда муҳимлигини қайд этди.
«Биринчи навбатда карантин чекловларини узайтириш орқали айрим аҳоли қатламларига ноқулайликлар яратишга мажбур эканлигимиз учун узр сўрайман.
Транспортда юришга, иш фаолиятини тиклашга, бозорлардаги тадбиркорларга, умуман, ҳозирги кунда ишини тўхтатиб турган одамлардан узр сўрашимиз керак. Чунки биз мажбурмиз. Биринчи пировард мақсад аҳоли соғлиғини, ҳаётини сақлаб қолишдир. Бунинг учун нима иш қилиш керак бўлса, қилишимиз керак.
Бизга вақт керак. Айрим фаолият турлари яна озгина биргаликда сабр қилиб турса, касалликнинг олдини олиш бўйича биринчи галдаги вазифаларимизни амалга оширсак, ундан кейин ҳаммасини тиклаб оламиз. Карантин чеклови узайтирилиши ҳукуматга, ҳокимиятларга даволаш тизимини яратишга имконият беради», — деди у.