"Юксалиш"га янги раҳбар сайланди. Бу ҳақда "Юксалиш" УМҲ матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, бугун, 27 июль куни "Юксалиш" УМҲ таъсисчиларининг йиғилиши бўлиб ўтган. Унда ташкилий масала кўриб чиқилиб, ҳаракатга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов раис этиб сайланган.
Маълумот ўрнида, Бекмуродов 1985 йил 5 январда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган. У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент молия институтини тамомлаган. 2005—2006 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги “Partnership for Academic development” (“Академик ривожланиш бўйича ҳамкорлик”) дастури тингловчиси, 2018 йилда “The John Smith Trust” (Буюк Британия) менеджмент дастури тингловчиси бўлган.
Аввалроқ “Тараққиёт стратегияси” марказида бош координатор, ижрочи директор ўринбосари, “Юксалиш” УМҲда ижрочи директор ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, ҳаракатнинг аввалги раиси Акмал Бурхонов Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори этиб тайинланган эди.