Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов хотирасига бағишланган таъзия маросимларида иштирок этиш учун Нукус шаҳрига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Муса Ерниязов Нукус шаҳридаги «Шорша баба» қабристонига дафн этилган. Давлат раҳбари бугун ўша қабристонга ташриф буюриб, марҳумнинг қабрини зиёрат қилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.
Раҳматли Муса оға элни яхши кўрган, ҳалол, пок, ор-номусли инсон эди. У кишига жуда ишонардим, Қорақалпоғистондан кўнглим тўқ эди. Тили, дини, тақдири, ташвишлари бир бўлган ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг оғзибирчилигини қадрларди. Қорақалпоғистонни ривожлантириш, одамларнинг бирини икки қилиш бўйича кўп ишларни бошлаган эдик. Энди бу ишларни, режаларимизни дўстлари билан бирга албатта давом эттирамиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари Муса Ерниязов дафн қилинган ерни Қорақалпоғистонга келганлар эҳтиром билан зиёрат қиладиган масканга айлантиришини маълум қилди.
Шундай ватанпарвар инсонларнинг ҳурматини жойига қўйсак, халқимизга, ёшларимизга намуна бўлади, - деди президент