Президент Шавкат Мирзиёев бугун Муса Ерниязовнинг вафоти муносабати билан таъзия маросимида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Давлат раҳбари маросимда нутқ сўзлаб, марҳумнинг оила аъзоларига, халқимизга чуқур ҳамдардлик билдирди. Президент Ерниязовнинг 50 йиллик фаолиятида амалга оширган ишларини эътироф этиб ўтди.
Қорақалпоқ заминида, Орол ҳалокати юз берган ўлкада яшаб меҳнат қилиш – бу ҳақиқий матонат. Муса Ерниязов ана шундай қаҳрамон халқнинг қаҳрамон раҳбари эди. У 18 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси деб аталмиш ўта масъулиятли ва шарафли вазифада самарали фаолият олиб боргани буни яққол тасдиқлайди, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, давлат раҳбари Муса Ерниязовнинг бутун Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини ривожлантириш учун муҳим қонунларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга катта ҳисса қўшганини ҳам ёдга олди.
Аллоҳ таоло Муса оғани мана шундай муборак Қурбон ҳайити ва жума кунларида ўз раҳматига олганида ҳам бир хислат борлигидан далолат, дейиш мумкин. Барчамиз учун қадрли бу инсон ҳаётда ўзидан яхши ном, яхши из ва хотиралар қолдирди. «Юрт учун фидо бўлиш – ўлим эмас, аслида қайта туғилиш», дейди донолар. Муса Ерниязовнинг номи ва ёрқин хотираси ҳам бугун қайта туғилмоқда, тарих саҳифаларига абадий муҳрланмоқда, - деди президент.
Маросимда бошқа мутасаддилар ҳам иштирок этиб, Муса Ерниязовнинг эл-юрт манфаати йўлидаги серқирра фаолияти, одамларга яхшиликларини эсга олди ва кенг жамоатчилик марҳум хотирасига ҳурмат бажо келтириб, сурати тагига гуллар қўйди.