Айтиш керакки, мазкур фармон 2019 йил 17 июнда республикамизда йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш мақсадида қабул қилинган эди. Шунингдек, унда амалга оширилиши режалаштирилган ишларда салоҳиятли инвесторлар иштирокини таъминлаш ҳам ўртага ташланганди. Вазирликларнинг берган ахборотда эса мазкур йўналишларда мамлакатда олиб борилган аниқ амалий ишлар ва уларнинг сифати, қанчалик самарали эканлигига ойдинлик киритилди.
Дастлаб, йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов сўзга чиқиб, мазкур фармон ва унда келтирилган қатор вазифалар юзасидан тўхталди.
— Фармонга кўра, қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини ишлаб чиқиш, уни амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси"ни тузиш белгиланган, — деди Актам Хаитов. — Шунингдек, мазкур концепцияни амалга ошириш доирасида халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш ва давлат-хусусий шерикликни жорий этиш ҳақида ҳам таъкидланган. Албатта, ушбу вазифалар нафақат вазирликлар, балки Қонунчилик палатасининг Аграр ва ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси депутатлари зиммасига ҳам масъулият юклайди. Шу маънода, мазкур концепцияни амалга ошириш, уни ҳаётга татбиқ этишда депутатлар ҳамда вазирликлар билан ҳамкорликда иш юритамиз.
Ҳисоботда келтирилишича, фармон билан қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси тасдиқланди. Концепция доирасида 2019-2030 йилларда қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан жами 1,1 млн. гектар, шундан, 2019-2024 йилларда 298,5 минг гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш режалаштирилганди.
Режага мувофиқ, ўтган 2019 йилда 72,6 минг гектар, шундан 38,6 минг гектар қишлоқ хўжалигида оборотдан чиққан суғориладиган ерлар ҳамда 34 минг гектар ер ости сув заҳираси мавжуд лалми ва яйлов ерлар қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 апрелдаги 03/1-775 (03/1-952)-сонли йиғилиш баёни билан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2020 йилнинг апрель-май ойларида фойдаланишдан чиққан ва сув заҳираси мавжуд бўлган жами 38,4 минг гектар ерларни фойдаланишга киритиш белгиланиб, 143 та лойиҳаларнинг манзилли рўйхати тасдиқланди ҳамда ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 158,4 млрд сўм маблағ ажратилди.
Шунингдек, давлат раҳбарининг 2020 йил
1 майдаги ПҚ-4700-сонли қарори билан 2020 йилда жами 280,1 минг гектар, шундан, 125 минг га қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган ва
155,1 минг га ер ости сув заҳираси мавжуд ерларни ўзлаштириш белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 июндаги 03/1-1078-сонли йиғилиш баёни билан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда
55 547 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан ва ер ости суви заҳираси мавжуд ер майдонларини фойдаланишга киритиш бўйича танланган устувор 187 та лойиҳаларни молиялаштириш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 300 млрд сўм маблағ ажратилди.
Фойдаланишга киритилган майдонларнинг 41 минг гектарига қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, 6,3 минг гектарига озуқа экинлари, 5,7 минг гектарига шоли, 4,8 минг гектарига дуккакли, 2,7 минг гектарига мойли, 2,7 минг гектарига сабзавот, 1,7 минг гектарига полиз,
44 гектарига картошка, 1,6 минг гектарига пахта, 1,1 минг гектарига ғалла ва 5 минг гектарига бошқа экинлар экилди.
Бундан ташқари 5,1 минг гектар интенсив боғ, 3,7 минг гектар токзор ва 557 гектар тутзор барпо этилди.
Эшитув давомида Концепция доирасида 2019-2022 йилларда экинларни суғоришда 253,4 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш белгилангани алоҳида қайд этилди. Шу кунгача Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йилгача жами 77,5 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 октябрдаги "Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси бўйича эса 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда 43,8 минг гектар майдонларда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилиш режалаштирилган. Режага мувофиқ, ҳозирда томчилатиб суғориш тизими ғўза майдонларида 20,2 минг га, боғ майдонларида 7,9 минг га, токзорларда 4,5 минг га, бошқа қишлоқ экинларда 1,7 минг га, ёмғирлатиб суғориш тизими эса бошоқли дон экинларида 622 га, сабзавот экинларида 404 га, озуқабоп экинларда 733 га ва дискретли (пульсар) суғориш тизими ғўза экинларида 4,2 минг гектарда жорий қилинди.
Эшитув давомида депутатлар қишлоқ хўжалигида ер ва ресусрлардан самарали фойдаланиш концепцияси бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар юзасидан саволлар беришди. Мавжуд камчиликлар бўйича қизғин баҳс-мунозарага киришилди. Албатта, айтилган камчиликларни бартараф этиш, концепцияга мувофиқ амалга ошириладиган лойиҳалар, уларга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
O'zLiDeP матбуот хизмати