2020 йил 13 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси томонидан брифинг ўтказилди. Унда ЎзЛиДеП фракциясининг 2020 йил олти ой давомидаги фаолияти юзасидан матбуот ва ОАВ ходимларига ахборот берилди.
Брифингни ЎзЛиДеП фракцияси раҳбарининг ўринбосари Шуҳрат Бафаев кириш сўзи билан очиб, фракция фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидландики, Ўзбекистон Респубилкаси Президентининг 2020 йил 20 январдаги Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишида, 21 январдаги Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қилган нутқларида, шунингдек 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифа ва йўналишлар парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг фаолиятига ҳам замонавий ёндашув ҳамда мутлақо янгича маъно-мазмун олиб кирди.
ЎзЛиДеП фракцияси жорий йилнинг биринчи ярми давомидаги фаолиятини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва фракциянинг иш режалари ва дастурларида белгиланган муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширди. Хусусан, ўтган вақт давомида фракция томонидан 37 та йиғилиш ўтказилиб, уларда 215 та қонун лойиҳаси биринчи ва иккинчи ўқишларда муҳокама қилинди. Шунингдек, Президентимизнинг муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ташқи сиёсат соҳаларидаги долзарб масалалар бўйича маърузалари, фармонлари ва қарорларидан келиб чиқадиган устувор вазифаларга бағишланган 21, фракция фаолияти билан боғлиқ 13, депутатлар томонидан ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш натижаларига оид 5 та ҳамда шу каби бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Фракциянинг қонун ижодкорлигидаги фаолияти ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам «демократия мактаби»га айланмоқда. Фракция депутатларининг қонун ижодкорлиги фаолияти «қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт» деган устувор тамойилга асосланди. Бу борада тўғридан-тўғри амал қиладиган, яъни ижро этилиши учун қонуности ҳужжати ишлаб чиқилишини талаб этмайдиган қонунларни қабул қилишга эътибор кучайтирилди.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 1 та, шунингдек бошқа фракциялар аъзоларининг иштирокида ҳамташаббускор сифатида яна 2 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди.
Ўтган даврда депутатлар томонидан «Геодезия ва картография фаолияти тўғрисид»ги, «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги, «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги, «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги, «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги, «Инновацион фаолият тўғрисида»ги қонун лойиҳалари тубдан қайта ишланиб, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар сифатида қабул қилинди.
Фракция томонидан парламент назоратининг барча шаклларидан фойдаланилган ҳолда, соҳавий вазирлик ва давлат қўмиталари фаолияти устидан самарали парламент ҳамда депутатлик назоратини амалга ошириш бўйича муайян ишлар олиб борилди.
Хусусан, ЎзЛиДеП фракциясининг ташаббуси билан ўтказилган «Ҳукумат соати»да Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси «Ер майдонларини танлаш ва тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхати-дан ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер фондининг самарали ишлатилиши бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида»ги масала юзасидан депутатлар-нинг саволларига жавоб берди.
Фракция ташаббуси билан Қонунчилик палатасининг мажлисида ташкил этилган парламент эшитувида эса, Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаевнинг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси бажарилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти тингланди.
Булардан ташқари, фракция ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Норқобиловга «Мамлакатда чорвачиликни ривожлантириш, шунингдек чорва маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилди.
Фракция аъзолари томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига сайловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан 78 та депутат сўрови юборилди.
Жорий йилнинг март ойи иккинчи ярмидан бошлаб мамлакатда коронавирус пандемиясига қарши курашиш бошланганлиги муносабати билан ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси асосий эътиборни жамиятда ушбу муаммога қарши тўғри фикр шакллантиришга, пандемия хавфининг асл моҳиятини англаган ҳолда унга қарши туришда давлат идоралари кўрсатмаларига тўла амал қилишга аҳолини тайёрлашга қаратди.
Шу йил 8 апрель куни Президент раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлан-тириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар юзасидан ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларининг 19 та муносабати эълон қилинди.
«Саҳоват ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида «Саҳоватлимиз иш ўрни яратамиз» шиори остида фракция аъзолари, партия фаоли бўлган тадбиркорлар, депутатлар томонидан ишсиз қолган фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида қўшимча иш ўринларини яратиш акцияси доирасида 10 дан ортиқ видеолавҳалар партия ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойланди.
Ҳисобот даврида ЎзЛиДеП фракцияси пандемия шароитида қийналган аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга ҳам катта эътибор қаратди. Масалан, «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фонди эълон қилингандан фракция аъзолари-нинг аввалига бир кунлик, кейинчалик яна икки кунлик ойлик иш ҳақларини ушбу жамғармага беғараз ўтказиб беришди.
Коронавирус пандемиясига қарши курашиш доирасида фракция аъзолари-нинг шахсий ташаббуслари билан бир қатор амалий ишлар қилинди. Хусусан, Коронавирус пандемиясига қарши курашишнинг илк кунлариданоқ Урганч шаҳридаги деҳқон бозорининг 2 та асосий дарвозаси олдига биринчилардан бўлиб «Дезинфекция туннели» ўрнатилди. Асака туманидаги Озод МФЙдаги эҳтиёжманд оилаларга 5000 туп помидор, 5000 туп бодринг, 5000 туп булғор қалампири кўчатлари етказиб берилди, шунингдек Шаҳрихон туманидаги 100 та оила 3 ой давомида оталиққа олинди. Наманган шаҳрида 6 нафар фуқарога фойдаланилмаётган 30 сотих ер майдони экишга тайёрланди, Уйчи тумани Қаҳрамон маҳалласида яшовчи аҳоли вакилларига 10 минг туп помидор ва бодринг кўчатлари етказиб берилди.
Мазкур тадбирлар Президентимизнинг Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, томорқачиликни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектордаги маърузасидан келиб чиқиб ўтказилган амалий тадбирлар қаторидан ўрин олган. Бу йўналишда ҳар бир ҳудуддан сайланган ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари, шунингдек маҳаллий кенгаш депутатлари ва партия фаолларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилди, 50000та хонадонга кириб, уларнинг томорқаси ўрганилди, 10000 нафар намунали томорқачилар иштирокида мастер-класслар ўтказилиб, 20000 нафар кам таъминланган қаровчиси бўлмаган оилаларга илғор фермерлар бириктирилди ва уларга амалий ёрдам кўрсатилди.
Брифингда давомида фракция фаолиятини ОАВда ёритилиши ҳақида сўз юритилиб, амалга оширилаётган ишларни, хусусан қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳияти, уларнинг жойлардаги ижросини халқимизга тўғри ва ҳаққоний тарзда етказишда ОАВ вакиллари билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг ўтган даврдаги фаолиятига бағишланган ахборот маълумот учун қабул қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар белгилаб олиниб, уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.