Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Бектемир туманида жойлашган “Metal Processing” МЧЖ фаолияти билан танишди.
Маълум бўлишича, ушбу корхонада тўқимачилик соҳасида ишлатиладиган дастгоҳлар, эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилади. Корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар импорт ўрнини босиши таъкидланди. Президентга ушбу корхона бугунги кунга келиб 12 та йирик текстиль мажмуаси билан ҳамкорлик ўрнатгани ҳақида маълумот берилди.
“Узоқ йиллар давомида вазият шундай эдики, машаққат билан етиштирган пахтамиздан фойдани бошқалар кўрарди. Кейинги пайтларда унинг юртимизда қайта ишлаш даражаси кескин ошди. Тўқимачилик кластерлари пайдо бўлди. Уларнинг замини - пахтани қайта ишлаш. Бунинг учун эса илғор техникалар, сервислар керак”, – дейди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу корхонада 85 нафар ишчи фаолият юритиши маълум қилинди. Президент бундай корхоналар учун керак бўладиган муҳандис, конструкторларни тайёрлаш кераклигини таъкидлади.