Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 август куни пойтахтнинг Яшнобод туманида янги қурилаётган уйлар билан танишди.
Ташриф давомида президент фаоллар билан учрашиб, ҳамма бир бўлиб ишлаш кераклиги, бугунги таҳликали замонда ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, меҳнат қилиши кераклигини таъкидлади.
“Таҳликали замонда яшаяпмиз. Раҳбар юрагидан, худодан сўраб ҳаракат қилса, халқ ўзи меҳрини ҳам, баҳосини ҳам беради. Халқнинг меҳрини қозониш учун ҳаммамиз меҳнат қилишимиз керак. Салгина пастга тушиб, ғўддаймасдан, бир бурда нонга шукр қилиб яшашимиз керак. Замон оғир, бир кунлик тинчликнинг қадрини билган одам кам бўлмайди. Бизга тинчлик керак. Биз меҳнаткаш халқмиз. Шуни ҳаммага чарчамасдан етказишингиз керак. Ғийбат билан барака кетади, натижа бўлмайди. Тошкент бутун давлатимизга намуна бўлиши керак”, – дейди президент.