Аввалроқ Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Барноев 56 ёишда оламдан ўтди.
Бугун, 21 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таъзияли хонадонга борди. У ерда марҳумнинг ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Президент хонадонга ташрифи давомди марҳум ҳақида гапирди.
“Ўктамжон олижаноб, забардаст, фидойи, ватанпарвар, ўрнак олишга арзигулик инсон эди. Бош вазир пайтларимда ҳам бирга ишладик. Гапирмасам ҳам мени тушунарди. Бир инсоннинг тарбияланиб, шундай кадр бўлиб етишиши осон эмас. Айниқса, охирги пайтлар оғир соҳани бериб, кўнглим тинчиб, кўп ишларни бошлаган эдик. Бу офат бутун дунёга келди. Қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилдик. Лекин ўлим ҳақ. Аллоҳнинг иродаси экан. Бу ҳаммамизга мусибат. Жойи жаннатда бўлсин!”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлишини таъкидлади.