Кеча ва бугун ОАВда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ишдан кетгани ҳақидаги хабарлар шиддат билан тарқалди. Ғаниевнинг номзоди бош вазирнинг аграр масалалари бўйича ўринбосарлигига кўрилаётгани айтилганди.
Лекин, Ғаниевнинг матбуот котиби ушбу хабарларни рад этди. Муҳаммаджон Обидов Ғаниев вилоят ҳокими сифатида ишлаётганини ва лавозимдан кетмаганини таъкидлади.
Обидов ҳоким Ғаниев бош вазир томонидан ўтказилаётган йиғилишда (видеоселектор йиғилиши кеча, 24 сентябрь куни ўтказилган) вилоят ҳокими сифатида иштирок этаётганини маълум қилган.
Таъкидлаш жоиз, ҳақиқатан ҳам Ғаниевнинг номзоди вафот этган Ўктам Барноевнинг ўрнига кўрилаяпти. Лекин, ушбу ҳолат бўйича ҳозирча расмий маълумот йўқ. Агар Ғаниев бош вазир ўринбосари этиб тайинланса, у ҳолда унинг ўрнига Фарғона вилояти ҳокими этиб Наманган вилоятининг ҳокими Хайрулла Бозоров тайинланиши таҳмин қилинмоқда.