Бугун, 29 сентябрь куни Фарғона вилояти ҳокими в.б. Хайрулло Бозоров йиғилиш ўтказди. Унда ҳудуддаги барча мутасаддилар иштирок этди.
Йиғилишда вилоят республикада барча соҳаларда етакчи бўлиши учун етарли салоҳияти борлиги маълум қилинди. Хусусан, йиғилишда асосий эътибор тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилди. Тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар бундан сўнг “Тадбиркорлар уй”ларида жойида ҳал этилиши маълум қилинди. Шунингдек, йиғилишда тадбиркорлар билан ишлаш, ҳудудларни обод этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уй-жой қурилиши ва бошқа соҳаларда ишлар талаб даражасида эмаслиги таъкидланди. Шу билан бирга, вилоятдаги туман ва шаҳарлар “яхши”, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилгани айтилди. Унга кўра Фурқат, Ёзёвон ва Қўштепа туманлари “қониқарсиз” деб топилган ва у ердаги муаммоларни ҳал этиш масалалари кўриб чиқилди.
Вилоятнинг янги раҳбари Фарғона, Қўқон шаҳарларида “халқ назорати” платформаси ишга туширилишини айтди. У ерда фуқаролар муаммоларини бемалол айта олишлари мумкинлиги таъкидланди. Мутасаддилар эса уларни ечиш ишларини кўриб чиқилиши белгиланди.
“Матбуот ва ижтимоий тармоқларда холис, асосли танқид бўлса, биз бемалол қабул қиламиз”, – дейди йиғилишда вилоятнинг янги раҳбари Бозоров.