Шу боис кейинги тўрт йилда таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши даражасига кўтарилди. Таълим тизимини ислоҳ этиш жараёнида ўқитувчи касби нуфузини ошириш, жамиятдаги мақомини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бугун ҳам шу азалий силсиланинг узвий давоми сифатида халқимиз 1 октябрь санасини Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонламоқда. Бу йилги байрам тадбирини илк бор Президентимиз иштирокида ўтгани таълим ва тарбия масаласи мамлакат сиёсатининг устувор йўналиши эканини амалда исботлади.
Давлатимиз раҳбарининг устозларга одатий табрик эмас, балки мурожаат билан чиқиб, уларнинг меҳнатига улкан баҳо бергани шубҳасиз, юрт келажагига бўлган эътиборнинг юксак намунасидир. Негаки, миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олижаноб устозларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди.
Президентимизнинг мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини ўйлаб, ўқитувчи ва муаллимларнинг ҳаётимиздаги нуфузи ва мавқеини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилаш бўйича илгари сурган таклифини оқилона сиёсат деб биламан. Инчунун, юртбошимизнинг «Ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишини, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлишини қатъий белгилаш лозим», деган чуқур маъноли фикрлари барча юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотди.
Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида парламент аъзоларидан мактаблар билан ишлаш тизимини алоҳида назоратга олиб, ушбу жараёнларга яқиндан кўмак беришларини сўради ва Олий Мажлис палаталарига икки ой муддатда умумтаълим мактаблари билан ишлашни янада кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича зарур вазифаларни белгилаб берди. Бу эса парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари зиммасига катта масъулият юклайди. Зотан, бугун шиддат билан ривожланаётган замон ҳар биримиздан бу масалага алоҳида ташаббус кўрсатишни талаб этмоқда.
Шундан келиб чиқиб, ҳар бир депутат мактаб муаммосига биринчи даражали масала деб қараши, ёшлар билан доимий равишда мулоқот қилиши, уларнинг муаммо ва таклифлари билан қизиқиши, умуман, Янги Ўзбекистоннинг мактаб остонасидан бошланишига ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Чунки, келажагимиз ворисларига берилаётган таълим-тарбия юрт тақдирини белгилаб беради.
Яна бир муҳим жиҳат, байрам тадбирида бугун ҳар бир ўқитувчи ва тарбиячи, олийгоҳ домласи таълим ва илм-фан соҳасидаги энг сўнгги ижобий янгиликларни ўқув жараёнларига татбиқ эта оладиган, чуқур билим ва дунёқараш эгаси, замонамиз ва жамиятимизнинг энг илғор вакиллари бўлиши кераклиги айтиб ўтилди. Сабаби бундай устозлар қўлида таълим олган ўқувчилар Ўзбекистоннинг ёруғ келажагини бунёд этишга қодир авлод бўлиб камол топади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир», дея таъкидлагани ёдимизда. Мурожаатда бу сўзларнинг яна такроран янграши бежиз эмас. Ҳақиқатдан ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир.
Нутқда дунё миқёсидаги кескин рақобатга бардош бера оладиган миллий таълим тизимини яратиш, таълим масканларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг иш ҳақини босқичма-босқич ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидландики, бу бундан кейин ҳам уларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш доимий эътибор марказида бўлишидан далолат беради.
Мурожаатда мактабларда информатика, кимё, хорижий тиллар каби фанлар бўйича ўқитувчилар етишмовчилигини бартараф этиш мақсадида педагогик бўлмаган йўналишлар бўйича олий таълим олаётган ёшлар учун қисқа муддатли педагогик курслар ташкил қилиниши ҳам айтиб ўтилдики, булар партия сайловолди дастурида илгари сурилган вазифаларга тўлиқ ҳамоҳангдир.
ЎзЛиДеП сайловолди дастурида таълим-тарбия соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, Таълим тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, мамлакатимиз халқ таълими тизимига ривожланган давлатлар тажрибаларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. Бизнинг асосий мақсадимиз – мактаб, ўрта махсус ва олий таълим тизимида рақобат муҳитини шакллантириш, давлат-хусусий шерикчилик ва хусусий сектор ресурсларидан кенг фойдаланиш, «фуқароларни бутун умри давомида ўқитиш» моделини ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини ривожланган давлатлар даражасига етказишдир.
Хулоса шуки, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати ҳар қандай юксак баҳоларга муносибдир. Зотан, инсонни инсон қилиб камол топтиришда, унга эзгу орзу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда таълим соҳаси барча фидойиларининг ҳиссаси беқиёсдир.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
OʼzLiDeP фракцияси раҳбари
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
OʼzLiDeP фракцияси раҳбари