Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов президентдан тортиб барча давлат хизматчиларининг мол-мулки декларация қилинишини айтди.
Бурҳонов Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўпчилик томонидан нотўғри тушунилганини билдирди. У эртами-кечми давлат бюджетидан ойлик оладиган барча давлат хизматчиларининг мол-мулки декларация қилиниши кераклигини таъкидлади. Бу ишлар қуйидан юқорига эмас, балки юқоридан бошланиши маълум қилинди.
“Биз шундай қилмоқчимизки, декларацияда давлат раҳбаридан тортиб ҳукумат раҳбари, судьялар, прокурорлар, ҳокимлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари босқичма-босқич декларация тизимига ўтилади. Босқичма-босқич деганда ҳам энг юқоридан тортиб пастга қараб кетади. Энг пастдан юқорига эмас”, – дейди Бурҳонов.
Агентлик директори ушбу ишларни амалга ошириш учун вақт кераклигини ҳам айтди.
“Нега босқичма-босқич? Чунки тизим керак. Пировардида барча давлат хизматчилари даромадларини декларациялаш тизимига ўтамиз ва ҳеч ким четда қолиб кетмайди. Бунга ишонтириб айтаман. Босқичма-босқич дегани 10-20 йил дегани эмас. Узоғи беш йил”, – дея қўшимча қилди Акмал Бурҳонов.