ЯНГИ УЙҒОНИШ ДАВРИ: тадбиркорликнинг етакчилик миссияси

ЯНГИ УЙҒОНИШ ДАВРИ: тадбиркорликнинг етакчилик миссияси
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида янграган Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилаётгани ҳақидаги фикри кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотганига гувоҳ бўляпмиз.

Учинчи Ренессанс ғояси атрофида кенг муҳокамалар бошланганининг ўзи муҳим воқеа эканини тан олиш керак. Биринчидан, илгари сурилган ғоя жамиятда катта қизиқишга сабаб бўлгани орқали фаол фикр алмашиш, ижтимоий тафаккурда ўзига хос қалқиш юзага келишига туртки берди. Иккинчидан, жамият аъзоларининг кўнглидаги, шууридаги интилишларни, ўз даврида аждодлар амалга оширган ишларни янгича кўринишда давом эттириш орзу-истакларини қўзғатиб юбориб, юрт эртасига дахлдор тарихий ташаббусни қўллаб-қувватлаш билан чекланиб қолмасдан, ушбу фикр юзасидан ўз қарашларини ифода этиш, жараёнга муносиб ҳиссасини қўшишга кучли рағбат пайдо қилди. Тарихдан маълумки, юрт етакчиси ўртага ташлаган ғоя кенг жамоатчиликда акс-садо бериб, фаол қўллаб-қувватланувчи мафкура сифатида шаклланса, у, албатта, жамиятни етакловчи реал кучга айланади.

Мавзуга доир билдирилаётган муносабат, таҳлилларда унинг турли жиҳатларини очиб беришга ҳаракатлар кўзга ташланмоқда. Айрим тадқиқотчилар Уйғониш даврларини буюк алломаларнинг номлари билан боғлиқ равишда кўраётир. Баъзилар ўша даврда фан ва адабиёт тараққий этган деса, бошқа бировлар маданият ва санъат соҳасидаги мислсиз ютуқларни тилга олмоқда. Буларнинг барчаси бежиз эмас. Лекин миллатимиз тарихида алоҳида эътироф этишга арзирли воқеалар тўғрисида гап борганда, аксарият ҳолларда юқорида тилга олинган жиҳатлар билан чекланиб қолинаётгани ҳам бор гап.

Ўзбекистон Президенти ҳозирги даврни Учинчи Ренессансга қиёслаб, бундай фикрни ўртага ташлаши орқали ўтмишимизнинг энг юксак паллалари билан фақат фахрланиб қолмасдан, бир қарашда кўздан йироқ, аслида халқимизнинг улкан тараққиёт босқичига чиқиши учун пойдевор вазифасини ўтаган муҳим асосларни чуқурроқ таҳлил этишга даъват ҳам этмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Агар мавзуга шундай тахлитда ёндошсак, қатор ҳаётий саволлар туғилиши табиий. Хўш, бу қандай эҳтиёжки, фаннинг оламшумул даражада ривожланишига, адабиёт-санъат ёки меъморчиликда янгидан-янги йўналишларнинг пайдо бўлишига туртки берган, ҳатто бошқа соҳаларда ҳам туб бурилиш ларга замин яратган?

Мухтасар айтганда, тарихимиздаги биринчи ва иккинчи Уйғониш даврларидаги кўплаб ютуқларга асос бўлган асосий омиллардан бири ўлкада кечган иқтисодий юксалишдир.

Таниқли сиёсатчи Содиқ Сафоев ўз мақолаларидан бирида IX–X асрларда Самарқандда зарб этилган дирҳам тангаси бутун Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги муомалада бўлган пул маблағларининг учдан бирини ташкил этгани тўғрисидаги қизиқарли фактни келтиради. Ушбу биргина далил аслида ўша замонда ўлкамизда кечган иқтисодий жараёнларнинг ҳосиласини кўрсатади. Биринчи Уйғониш даврида кўплаб шаҳарларимиз ўзига хос савдо ва ҳунармандчилик марказларига айланиб, ишлаб чиқариш турлари доирасида юз берган чуқур меҳнат тақсимоти, савдо соҳасида эса бир томондан ички бозорларда ихтисослашувнинг кучайиши, иккинчи тарафдан, чегарадош ҳудудлар ва чет эл бозорларини ўзлаштириш йўналишида амалга оширилган ниҳоятда интенсив ҳаракатлар, албатта, ўз натижаларини бермасдан қолмади. Қишлоқ хўжалигини юритиш, ерга эгалик қилиш муносабатларидаги ўзгаришлар ҳам ишлаб чиқариш самарадорлигининг ошишига туртки бўлди. Айнан ривожланиб бораётган иқтисодиёт: қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, қолаверса, савдо муносабатларининг эҳтиёжлари кўплаб фан соҳаларининг – астрономия, физика, кимё, математиканинг ва бошқаларнинг жадал тараққий этишига туртки берди. Бу адабий жараён, маданий муҳит, меъморчиликда ҳам ўз аксини топди.

Амир Темур ва темурийлар даврида эса мўғул истилосидан кейин ўлка иқтисодий ҳаётини қайта тиклаш ва унинг тараққиётига рағбат бериш борасида мутлақо ўзгача ҳаракатлар амалга оширилди.

Ҳар иккала Уйғониш даврида кечган ҳаёт таҳлил қилинар экан, иқтисодий соҳага салтанат пешволари жуда катта эътибор қаратганига гувоҳ бўламиз. Улар мамлакатда қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва савдони ривожлантириш масалаларини доимий эътиборда ушлаб тургани ва ушбу соҳаларнинг ривожини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганига кўплаб мисоллар топиш мумкин. Масалан, Амир Темур даврида бир қатор солиқларнинг асоссиз деб топилиб бекор қилингани, темурийлар салтанатига бўйсунган барча сарҳадларда ортиқча солиқлар солиш қаттиқ жазога тортиш учун асос бўлгани, тўловларни ундириш қатъий назоратга олингани, пул муносабатлари доимий равишда такомиллаштириб борилгани тўғрисида манбаларда кўплаб маълумотлар мавжуд.

Соҳибқироннинг кўпгина Европа давлатлари қиролларига хат йўллаб, ўзаро савдони ривожлантиришга чорлови ва савдогарларни юрт эгалари ўз ҳимоясига олиши зарурлиги тўғрисидаги таклифи тижорат аҳли ва умуман иқтисодиётга эътибор давлат сиёсатида устувор вазифа бўлганини яққол исботлайди. Айниқса, Мирзо Улуғбекнинг ҳукмронлик йиллари бу борада ташланган қадамлар унинг нафақат буюк олим ва давлат раҳбари, балки иқтисодий ислоҳотларнинг ташаббускори сифатида гавдалантиради. Албатта, иқтисодий соҳага берилган бундай эътибор ўз натижасини бермай қолмаган. Темурийлар замонида мамлакат иқтисодиётининг ҳар бир соҳасида кузатилган жуда катта ижобий ўзгаришлар нафақат илм-фан, меъморчилик ва бошқа жаб ҳалар ривожига ўзига хос куч-қувват ролини ўйнай бош лади, балки умуман жамият ҳаётида мутлақо ўзгача сифат ўзгаришлари юз беришига асос яратди. Бундай сифат ўзгаришлари ушбу давр иқтисодий ҳаётини характерловчи белгилардан бўлган шаҳарлар, бутун бошли соҳалар ва ҳатто бозорларда (масалан, “Бобурнома”да келтирилган Самарқанд бозорларининг ихтисослашуви тўғрисидаги фикрларни эслайлик) чуқур ижтимоий меҳнат тақсимоти юз беришида ўз аксини топади. Мамлакатдаги йирик шаҳарларнинг ҳар бири ишлаб чиқаришнинг муайян тури билан дунёда ном қозонгани, ҳунармандчилик соҳаларининг ҳар бир тармоғи доирасида ўнлаб ва ҳатто юзлаб ихтисосликларга бўлиниш юз берганини кўриш мумкин. Ваҳоланки, феодал даврлардаги натурал хўжалик, қолаверса, натурал айирбошлашга асосланган иқтисодиёт учун бу даражада чуқур меҳнат тақсимоти хос эмас эди. Буларнинг барчаси мамлакатнинг ўрта асрларда дунёнинг бирор жойида кузатилмаган ҳолат, яъни юксак даражада бозор-пул муносабатларига тортилганидан далолат беради. Ҳолбуки, ушбу хусусият капитализмнинг илк босқичларида турган давлатларга хослигини тарихчилар ва иқтисодчилар яхши билади.

Ўлка иқтисодий ҳаётини ўрганган олимлар бу даврга келиб, кенг истеъмол товарлари (айнан товарлари, яъни натурал айирбошлаш учун эмас, савдога чиқарилган маҳсулот) ҳажми, чакана савдо миқдори, қишлоқ аҳолисининг товар-пул муносабатларига тортилиш даражасига кўра нафақат мамлакатнинг марказий қисмлари, балки чекка ҳудудлари ҳам илгари мисли кўрилмаган ривожланишга эришганини эътироф этишади. XV аср охири – XVI аср бошларида кузатиладиган бундай ҳолатлар, тадқиқотчилар фикрига кўра, тарихимизда на олдин ёки на кейин учрайди. Бу каби тарихий, исбот талаб қилмайдиган далилларнинг ўзиёқ темурийлар номи билан боғланувчи иккинчи Уйғониш даврида иқтисодий юксалиш қай даражага кўтарилганини кўрсатади. Мана сизга, Уйғониш даврининг ҳақиқий асоси, жамиятни тараққиёт сари етаклаган, иқтисодий эҳтиёжлардан келиб чиқиб, илм-фан, умуман, бошқа соҳаларнинг ривожланишига туртки берган драйвер. Қисқаси, иқтисодиёт, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш ва савдо тараққиёти ўлка ривожида муҳим сифат ўзгаришларининг юз беришига сабаб бўлган. Хулоса шуки, айнан фан ютуқларини кенг жорий қилиб борган тадбиркорик, шу асосда ривожланган иқтисодиёт, умуман, жамият тараққиёти учун, унинг бошқа соҳалари тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этган.

Мамлакатимиз тараққиётининг “Янги Ўзбекистон” деб номланувчи ўзгача сифат босқичида аҳолининг иқтисодий ташаббусларига кенг имконият яратиш, иқтисодий эркинлик, ҳудудларда бизнес муҳитини яхшилашга катта аҳамият қаратилаётгани бежиз эмас. Ўтган икки Уйғониш даврида миллатимиз қўлга киритган ютуқларга таянган омиллар бу йўлнинг нақадар тўғрилигини қайта ва қайта исботлаб турибди.

“Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади”, “Тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади” каби даъватлар тараққиё тимизнинг “Янги Ўзбекистон” деб ном олган даври хусусиятларини очиб берувчи шиорларга айланди. Албатта, халқнинг иқтисодий ташаббускорлигини, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар нафақат моддий фаровонликнинг ошишига, балки унинг асосида юз берадиган сифат ўзгаришлари, ўз навбатида, катализатор сифатида жамиятнинг бошқа йўналишларида ҳам туб бурилишларга туртки беришига шубҳа йўқ.

Шу йил 24 сентябрь куни мамлакат раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар юзасидан бўлиб ўтган муҳокама Ўзбекистонда ушбу масалага берилаётган доимий эътиборнинг бир инъикосидир.

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дунёда кечаётган “Тўртинчи саноат инқилоби” арафасида юз бераётгани яна бир бор тадбиркорлик ва фан ўртасидаги ҳамкорликнинг мутлақо янги бир босқичга кўтарилишини талаб қилаётир. Ўзбекистонда Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилгани, ахборот технологияларига берилаётган эътибор, кўплаб инновацион марказлар, стартап марказлари ва бошқалар мамлакат тараққиётини белгилашда айнан шундай фундаментал даражадаги янгича ёндашувларга асосланилаётганидан далолат беради.

Тарихимизда ўтган Ренессанс даврларига мурожаат нафақат ривожланиш локомотивларини аниқлашга, балки эндиликда глобал мақсадларни олдига қўяётган халқимиз нималардан огоҳ бўлиши кераклиги тўғрисида ҳам муайян хулосалар қилиш имконини беради.

Олимлар XV–XVI асрларда минтақа ҳаётида капиталистик муносабатларнинг шаклланиши учун зарур бўлган объектив шарт-шароитлар етилиб келгани, лекин бу жараёнлар ўзининг кейинги ривожини топмаганини таъкидлашади. Энди бир тасаввур қилайлик. Биз тарихдан капитализм босқичига ёки цивилизацион назария вакиллари тили билан айтганда, “Биринчи саноат инқилоби” даврига ўтишни 1579 йили Утрехт унияси шаклланиши билан ниҳоясига етган Нидерландиядаги воқеа лар, қолаверса, 1648 йили Англия революцияси билан боғлиқ равишда кўришга ўрганиб қолганмиз. Яъни, инсониятни тараққиётнинг янги палласига айнан шу давлатлар бошлагани тарихдан ўқитиб келинади. Ваҳоланки, юқорида келтирилган далиллар бу жараён бизнинг ўлкамизда улардан қарийб бир ва ҳатто бир ярим аср олдин шаклланиб улгурганидан далолат беради. Лекин минтақамиз нима учун тараққиётнинг капитализм деб номланувчи янги сифат даражасига ўта олмади, аксинча, кўп асрлик тушкунлик даврига кириб кетди? Ушбу саволнинг жавоби эса Учинчи Реннесансга қадам қўйишни мақсад қилган ҳозирги авлод учун ниҳоятда муҳим. Бу борада олимлар томонидан турлича сабаблар келтирилади. Хусусан, карвон йўлларининг жаҳон савдосида ўз аҳамиятини йўқотиши, буюк кашфиётлар туфайли денгиз йўлларининг очилиши ва шу кабилар... Ушбу ташқи омиллар билан бир қаторда ўлканинг инқироз га юз тутишида ички омиллар ҳам етарлича бўлганига шубҳа йўқ. Олимлар бу борада ҳам қатор жиҳатларни санаб ўтади. Уларнинг нуқтаи назарини инкор қилмаган ҳолда бир фикрни илгари сурмоқчи эдик. Жамиятшуносликка оид қарашлардан яхши маълумки, иқтисодиётда туб ўзгаришлар жадал суръатлар билан бораётган бир паллада сиёсий бошқарув тизимининг эскича услублардан воз кеча олмай қолиши жамият тараққиёти учун муайян муаммоларни бош лаб келади. Албатта, бу ҳали илмий жиҳатдан атрофлича ўрганишни талаб қиладиган қараш. Лекин чуқур иқтисодий жараёнлар кечаётган XV аср охири – XVI аср бошлари ўлка бошқарувига назар солсак, бу борада бирор сезиларли силжишлар, иқтисодиётда кечаётган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда юз берган қандайдир янгиланишларни кўрмаймиз. Айнан мана шу ҳолат, яъни бир томондан иқтисодий соҳадаги катта ўзгариш лар ортидан кириб келаётган янгича дунёқараш ва иккинчи томондан сиёсий бошқарувда сақланиб қолаётган эскича ёндашувлар, эскича дунёқараш ўртасидаги зиддият охир-оқибат тарихимизнинг ушбу палласида бошланган тараққиётнинг янги сифат даражасига ўсиб ўтишига тўсқинлик қилди.

Бугунги ислоҳотларнинг ўзига хос йўл харитаси бўлмиш Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётдаги юксалишларга катта аҳамият қаратилар экан, фақат шу билан чекланиб қолинмасдан, ижтимоий ҳаётнинг бошқа жабҳаларига ҳам жуда катта эътибор қаратилган, яъни ислоҳотларнинг комплекс характери таъминланган. Хусусан, давлат ва жамият ҳаётини ислоҳ қилиш режалар мажмуида алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон бирмунча мураккаб бўлса-да, энг тўғри йўлдан, яъни жамият ҳаётининг барча жабҳаларига бир-бирига боғлиқ компонентлар сифатида ёндошиб, уларнинг барчасини қамраб олган комплекс ислоҳотларни амалга ошириш йўлидан бораётир. Бу эса тарихимизда, қолаверса, бошқа давлатлар тажрибасида бугунги кунда кузатилаётган камчиликлар, аниқроғи, ислоҳ қилинаётган соҳани бундай янгиланишлардан четда қолган бошқа соҳалар орқага тортиши мумкинлиги каби ҳолатларнинг олдини олади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, миллатимиз тарихида ўзига хос юксак ривожланиш босқичлари бўлмиш Уйғониш даврларнинг ҳар иккаласи пойдеворида фан ютуқларига таянган иқтисодий юксалиш ҳамда унинг етакчилари бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар қатлами тургани аниқ. Айнан тадбиркорлик ва илм-фан ҳамкорлиги Учинчи Ренессанс йўлида амалга оширилаётган ишларда ҳам ўзига хос локомотив бўлиб қолаверади. Давлатимиз томонидан бугунги кунда ушбу соҳаларга берилаётган эътибор эса тадбиркорликнинг яна бир бор халқимиз олдида ўз тарихий миссиясини бажаришига ҳеч қандай шак-шубҳа қолдирмайди.

Бахтиёр ЯКУБОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

раиси ўринбосари, тарих фанлари номзоди

Ўхшаш янгиликлар

  1. амир темур 8 октябр 2020 20:47
    Халкка ерни булиб беринг
  2. Замондош 8 октябр 2020 19:30
    Оилавий тадбиркорлик килиш учун арзимаган микрокредитни Бера олмаган Давлат кандай килиб учинчи марта уйгонади МАВЛОНО!!!

    Оилавий тадбиркорлик учун оддий микрокредитни вактида Бера олмайдиган давлат учинчи марта уйгонишига ишониш кийин МАВЛОНО!!!
  3. Реалист 8 октябр 2020 16:10
    Яшанг домла,зўр ёзибсиз,қойилман,фақат сиз тарихга ўта киришиб кетиб реал ҳаётдан узилиб қолибсиз.Ўзингизга виртуал Ўзбекистон яратиб олибсиз.
    Реал Ўзбекистонда ахвол бошқача,бир сиқим монополист
    олигарх амалдорлар,ўзлари учун керакли қонунларни чиқариб,соққани қилишяпти,қашшоқ халқ янада қашшоқлашмоқда,ишсизлик чўққида,монополизм,элитар коррупция
    порахўрлик авжида.Домла авлодларингиз шундай Ўзбекистонда яшашидан дахшатга тушмайсизми?
Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Самарқанд давлат университети битирувчилари дунёнинг топ-100 талик университетида магистратурани давом эттиради…

2022 йил Самарқанд давлат университети Италиянинг Болонья университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Унга кўра СамДУ...
6-12-2024, 11:20

Самарқанд давлат университети Хитойдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни давом эттиради…

Самарқанд давлат университетига Шенси провинциясининг (Хитой) Бош прокурори Ван Юн бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар билан...
4-12-2024, 09:27

Ватан ва Виждон

Инсонга ота-онани ва Ватанни танлаш имконияти берилмаган. Дунёга келган ва киндик қонимиз тўкилган манзил Ватан ҳисобланади. Худди,...
3-12-2024, 08:58

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
29-11-2024, 12:34

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » ЯНГИ УЙҒОНИШ ДАВРИ: тадбиркорликнинг етакчилик миссияси