Кеча, 8 октябрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ёшлар ҳамда аёллар билан ишлашнинг янги механизмини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда аввал яратилган “темир дафтар” сингари ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар кесимида ёшлар ва аёллар “дафтар”лари ташкил этилиши билдирилди. У ерда моддий таъминотга муҳтожлар билан бирга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ҳамда хотин-қизлар киритилиши маълум қилинди.
Мазкур йиғилишда ушбу йўналишда қилинилаётган ишлар Хатирчи тумани ва Янгиер шаҳри мисолида кўриб чиқилди.
“Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад – иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш”, – деди давлатимиз раҳбари.
Шунингдек, президент йиғилишда ёшлар ҳамда аёлларни иш билан таъминлаш масалалари билан ҳокимнинг инвестиция бўйича ўринбосари, туман ва шаҳар бандлик бўлими, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази, Бош вазир қабулхоналари ва банклар шуғулланишини алоҳида таъкидлаб ўтди.