“Ўзбеккино” мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар қилди.
Маълум бўлишича, агентлик мансабдорларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан жиноий иш қўзғатилган бўлган. Ушбу иш бўйича дастлабки тергов ишлари олиб борилган. Унга кўра, 2018 йил 22 июнь куни агентлик ва “Best organaizer” МЧЖ ўртасида “Менман, Жалолиддин” номи остида фильм суратга олиш бўйича шартнома тузилган ва олдиндан аванс сифатида 533 млн. сўм маблағ тўлаб берилган. Лекин, кейинчалик ушбу фильм “Мендирман, Жалолиддин” номи билан Туркияда суратга олина бошланган ва унинг ҳаражатлари бошқа ҳомийлар томонидан қопланган. “Ўзбеккино” ажратган маблағлар эса бюджетга қайтарилган.
Бош прокуратура ушбу тергов ҳаракатларига “Мендирман, Жалолиддин” фильмини ишлаб чиқарган шахсларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини алоҳида таъкидлаган.