O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Дилшод Шоумаров марказ фаолияти билан яқиндан танишар экан, Корея технологияси асосида жиҳозланган ўқув хоналари, хориждан келтирилган махсус асбоб-ускуналарни бошқараётган, эгаллаётган касбига иштиёқи юқори йигит-қизлар фаолиятига юксак баҳо берди.
Хусусан, марказда ишсиз фуқароларга металлга ишлов бериш ва чилангарлик, электр ва электроника, ахборот технологиялари, йигирув ишлаб чиқариши технологияси ҳамда тикув жараёни технологиялари касбини мукаммал эгаллашлари учун ўқув амалиёти ва лаборатория хоналарида зарур қулайликлар яратилган. 2019 йилда ўқув марказининг 249 нафар биринчи битирувчиларига диплом топширилди. Корея Республикаси экспертлари томонидан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида “Шаҳрисабз шаҳридаги ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш” лойиҳасининг якуний хулосаларига кўра, ўқув марказида битирувчиларни ишга жойлаштириш даражаси (95 фоиз) юқорилиги эътироф этилди.
-Айни пайтда марказда 240 нафар турли ёшдаги ишсиз фуқаролар ҳунар ўрганмоқда, - дейди марказ раҳбари, O`zLiDeP Шаҳрисабз шаҳар Кенгаши раиси, шаҳар Кенгаши депутати Фазлиддин Ражабов. – Энг қувонарлиси, бизда тайёрланаётган касб эгалари ўз соҳасини мукаммал эгаллайди ва ишга қабул қилиш бўйича эълон қилинган танловларда юқори ўринларни эгаллаб келишмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан ишсиз ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш масалалари таҳлил қилинди ва бу борада мутлақо янги тизим яратиш хусусида айтилди. Демак биз фаолиятимизни янада кенгайтириб, турли ёшдаги ишсиз ёшлар, айниқса, хотин-қизларга ҳунар ўргатамиз, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашамиз.
Дилшод Шоумаров “Тикув жараёни технологиялари” касбини ўрганаётган хотин-қизлар ва “Электр ва электроника” йўналишида таҳсил олаётган ўқувчилар билан қизғин суҳбат қурди, уларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарди.
O`zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши
матбуот хизмати
матбуот хизмати