Бугун, 13 октябрь куни Ўзбекистон президенти Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Давлатимиз раҳбари шу йил май ойида Сардоба сувомборининг ўпирилишдан азият чеккан аҳоли учун қурилган уйларни бориб кўрди. Мирзиёев дастлаб Мирзаобод туманидаги “Ҳақиқат” маҳалласига борди. У ерда 40 та уй-жой қурилди. Давлат раҳбари туманга ташрифи давомида бу ерда ишлар тезкорлик билан амалга оширилганини, барча мутасаддилар жалб қилиниб, одамларни совуққа қолмасдан янги уйга кўчирилганини таъкидлади.
Энг катта масала - одамларнинг кўнглидаги ғашлик кетди, улар рози бўлди, - деди Шавкат Мирзиёев.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, аввал бу ерларда яшаган оилаларнинг аксариятида уйларида газ бўлмаган. Янги қурилган уйларда эса газ, сув, электр энергияси ва бошқа коммуникациялари ҳам бор. Муҳими, уларнинг эски уйлари ҳам ўзларида қолдирилган.
Шавкат Мирзиёев янги қурилган маҳаллани «Янги Ўзбекистон» деб номлашни таклиф қилди. Бунда катта маъно борлигини, агар маъқул келса бундай уйларни бошқа ҳудудларда, аҳоли зич шаҳарларда ҳам қуриш кераклигини таъкидлади.