Мактабгача таълим вазирлиги боғчаларда рус тили иккинчи “она тили” сифатида ўқитилиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди. Вазирлик матбуот хизмати томонидан эълон қилинган ахборотда ушбу хабарлар рад этилган.
Вазирликнинг маълум қилишича, боғчаларда агар ўқитувчилар бор бўлса иккинчи тил сифатида нафақат рус тили, балки ҳар қандай хорижий тил ўқитилиши мумкин. Шунингдек, ота-оналар рус тилига ихтисослашган гуруҳларга фарзандларини беришлари мумкинлиги таъкидланган. Бундай гуруҳларда давлат тили ҳам ўқитилиши, ўзбек гуруҳларда эса рус тили ўқитилиши мумкинлиги қайд этилган. Ҳозирда вазирлик болаларни боғчаларда хорижий тилларни ўқитиш учун мутахассислар тайёрлаш бўйича ишлар олиб бораётгани маълум қилган.
Вазирлик ахборотида мактабгача таълим тизимида болаларга рус ва инглиз тилларида таълим бера оладиган мутахассислар Пучон университетининг Тошкент филиалида ва 2021 йилда очилиши кўзда тутилаётган Россия педагогика университетининг филиалларида тайёрланиши таъкидланган.