Бугун, 27 октябрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар билан Тошкентда учрашди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Ўзбекистон президенти Туркия билан алоқалар ҳар томонлама ривожланиб бораётганини қайд этди. Шу ўринда, генерал Ҳулуси Акар Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг эзгу тилакларини етказди.
“Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди, шунингдек, кейинги йилларда мудофаа соҳасида амалга оширилган қўшма тадбирлар якунлари сарҳисоб қилинди.
Ўзбекистон ва Туркия мудофаа идоралари ўртасида ўрнатилаётган амалий ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида ҳарбий кадрларни ўқитиш бўйича дастурларни амалга ошириш, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, қўшин бўлинмаларини тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш белгиланди.
Минтақадаги замонавий хатарлар ва хавфсизликка таҳдидларга қарши биргаликда курашишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Туркия миллий мудофаа вазири ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади”, – дейилади президент матбуот хизмати ахборотида.